Исроил Ғазога ҳужумларини кенгайтирмоқчи
Олам
−
24 Март
1983Исроил армияси 19 январь куни кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишуви тугаганидан кейин қайта бошлаган блокададаги Ғазо секторига ҳужумларни кенгайтиришга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди. Бу ҳақда ЦАХАЛ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил армиясининг энг йирик 36-зирҳли дивизияси, жумладан, зирҳли техника ва танклар Жанубий ҳарбий округнинг масъулият зонасида ишғолни кенгайтиришга тайёргарлик кўриш арафасида жойлаштирилган.
Билдирилишича, минглаб аскарлардан иборат қўшинлар “ҳужум операциялари”да қатнашишга ҳозирлик кўрмоқда. Исроил армияси, шунингдек, 36-зирҳли дивизия аввалроқ Ғазо шимоли ва Ливан жанубига ҳужумларда қатнашганини эслатди.
Маълумот учун, Исроил армияси 19 январдан кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишуви тугаганидан сўнг, 18 март куни эрталаб блокададаги Ғазо секторига интенсив ҳужумларни давом эттирди.
Янгиланган ҳужумлардан буён 670 дан ортиқ фаластинлик, асосан кексалар, аёллар ва болалар ҳалок бўлди, 1200 дан ортиғи яраланди.
2023 йилнинг 7 октябрь куни Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари бошланганидан бери ҳалок бўлган фаластинликлар сони 50 минг 21 нафарга, ярадорлар сони эса 113 минг 274 нафарга етди.
Ўт очишни тўхтатиш келишувини бузган Исроил “янги ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифларни рад этиш”га жавобан ҲАМАСга қарши ҳарбий кучини ошириб ҳаракат қилиш ниятида эканини маълум қилди.
ҲАМАС, ўз навбатида, Исроилни ваъдаларини бажармаганликда айблаб, яҳудий давлати “Ғазо секторида Фаластин халқига қарши геноцид”ни қайта бошлаганини ва ўт очишни тўхтатиш бўйича воситачилар олдидаги мажбуриятларини бажара олмаганини айтди.
Қайд этиш жоиз, Исроил Ғазога ҳужумларни Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг мунозарали сиёсий қарорлари, жумладан, мамлакат ички хавфсизлик ва разведка хизмати бўлмиш Шин Бет раҳбари лавозимидан четлатилиши фонида бошлаган.
20 март куни Исроил армияси Ғазони шимолий-жануб чизиғи бўйлаб икки қисмга бўлувчи Нетзарим коридорига қуруқликдан бостириб кириш бошланганини эълон қилди. Исроил кучлари Ғазо сектори атрофидаги буфер зонада ҳам ўз ишғолини кенгайтириб, Байт-Лахия ва Хон Юнус соҳилидаги ҳудудларни эгаллашда давом этмоқда.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
18:15