Исроил Ғазодаги тиббиёт муассасаларига 41 марта ҳужум қилди – ЖССТ
Олам
−
17 Октябрь 2023 4619 3 дақиқа
Жорий йилнинг 7 октябридан буён Исроил армияси Ғазо секторидаги тиббиёт муассасаларига 41 марта тасдиқланган ҳужумни амалга оширди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти матбуот котиби Тарик Ясаревич маълум қилди.
У Ғазо секторидаги соғлиқни сақлаш тизими ҳолатини “ўта хавотирли” деб атаган.
Ясаревичнинг сўзларига кўра, Фаластин анклавидаги шифохоналар кўплаб беморларни қабул қилишда давом этмоқда, шунинг учун ҳам тиббиёт муассасалари гавжум.
ЖССТ вакилининг таъкидлашича, шаҳарнинг ёқилғи захиралари камайиб боряпти ва минтақага дори-дармон олиб киришнинг имкони йўқ.
Ясаревич халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, тиббиёт ходимлари, тиббиёт муассасалари ва беморлар ҳимоя қилиниши кераклигини таъкидлаган.
“7 октябрдан бери Ғазодаги соғлиқни сақлаш муассасаларига 41 та ҳужум уюштирилгани тасдиқланди. 11 нафар тиббиёт ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлди, 16 нафари яраланди. Ҳужумлар сони ортиши билан бу рақамлар янада кўпайиши мумкин”, деган у.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 2750 киши ҳалок бўлган, 9700 киши жароҳатланган. Ғарбий соҳилда эса 58 одам ўлган, 1250 киши яраланган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар сони 1,3 минг кишини ташкил этади. 351 нафар одам эса шифохонага жойлаштирилган.
Live
Барчаси