Исроил Ғазодаги болалар шифохонасига ҳужум қилди

Олам

image

Исроил ҳаво кучлари Ғазо сектори ғарбидаги Наср болалар шифохонасига киравериш яқинига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда “Al Aqsa” телевидениеси хабар берди.

Айтилишича, Исроил ҳаво ҳужумидан ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор.

Бундан ташқари, Исроил ҳаво зарбалари Эс-Сабранинг аҳоли зич жойлашган ҳудуди марказидаги масжид ва Рафаҳ шаҳри шарқидаги кўплаб маҳаллаларни сув билан таъминлайдиган сув омборини нишонга олгани хабар қилинган.

Шунингдек, Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида Ғазо аҳолиси учун ягона электр энергияси манбаи бўлган қуёш панеллари ишдан чиққан.
Эроннинг “Tasnim” агентлигининг ёзишича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Ғазо секторидаги Ал-Шифа марказий шифохонасидаги қуёш панеллари ва электр генераторига зарба берган. Ушбу ҳужум оқибатида шифохонанинг бир қисмида ёнғин чиққан.

Маълумот ўрнида, кеча, 3 ноябрь куни Исроил кучлари Ал-Шифа марказий шифохонасига туташ ҳудудга ҳужум қилган эди. Зарбалар ярадорларни Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктига олиб кетаётган тез ёрдам машиналари колоннасига, сўнгра шифохонага киравериш яқинига келиб тушган. Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати ҲАМАСнинг бош қўмондонлик штаб-квартираси Аш-Шифа ҳудудида жойлашганини даъво қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил ҳаво кучлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигига қарашли (UNRWA) Ғазо шимолидаги мактаб биносига ракета отган, оқибатда ўнлаб одам ҳалок бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг