Исроил Ғазода қуруқликдаги янги ҳарбий операцияни бошлади
Олам
−
20 Март
1659Исроил Ғазо секторининг маркази ва жанубида қуруқликдаги ҳарбий операцияларни бошлади. Бу ҳақда мамлакат қуролли кучлари матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
Армиянинг асосий вазифалари сифатида “хавфсизлик ҳудудини кенгайтириш” ва “эксклавнинг шимоли ва жанубида қисман буфер зонасини яратиш” қайд этилган.
Бундан ташқари, армия “Голан” бригадасини Исроил жанубига жойлаштиришга қарор қилган. Ҳарбийлар “Ғазо секторидаги операциялар учун тўлиқ жанговар тайёргарлик ҳолатида” қолиши маълум қилинган.
Кейинчалик ҳарбий идора бутун Ғазо бўйлаб “кенг кўламли зарбалар” амалга оширилгани ҳақида ахборот берди. Хусусан, зарбалар ҲАМАС ҳаракати инфратузилмасига қаратилгани айтилди. “Al Jazeera” нашрининг маълумотига кўра, кеча, 19 март куни Исроил ҳужуми оқибатида Ғазо бўйлаб 70 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойида Исроил ва ҲАМАС Миср, Қатар ҳамда АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолаган эди. Бироқ Исроил 18 март куни Ғазо секторига зарбалар беришни қайта бошлади. Ушбу қарор ҲАМАС Исроил асирларини озод қилишдан бир неча бор бош тортгани ва барча таклифларни рад этгани сабабли қабул қилингани билан изоҳланди.
“Al Jazeera” Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб, Исроил армиясининг қайта бошлаган ҳужумлари оқибатида камида 436 киши, жумладан 183 бола ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.
LiveБарчаси