Исроил Ғазода қандай қуролдан фойдаланаётганини айтди

Олам

image

Исроил ҳарбийлари халқаро қонунларга мувофиқ ҳаракат қилаётганини ҳамда Ғазо секторида энг енгил ва аниқ қуроллардан фойдаланганини айтди. Бу ҳақда Исроил армияси (ЦАХАЛ) матбуот котиби Жонатан Конрикус маълум қилмоқда.

"Биз халқаро ҳуқуққа содиқмиз ва одатда (Ғазо секторидаги) аниқ нишонларни уриш учун энг енгил ва аниқ қуроллардан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз", деди у.

Конрикуснинг маълум қилишича, Исроил армиясининг қуроллари "НАТО" стандартларига жавоб беради.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроил Ливан ва Ғазо секторига қарши ҳарбий амалиётлар чоғида оқ фосфор ишлатганини маълум қилган эди. Ташкилот ушбу турдаги қуролни тинч аҳоли пунктларида жойлашган объектларга қарши қўллаш тақиқланганлигини ва Ғазонинг зич жойлашган ҳудудларида фойдаланиш халқаро гуманитар қонунларга зид эканлигини таъкидлаган эди.

Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Исроилнинг Ғазо шимолидаги шифохоналарни эвакуация қилиш ҳақидаги буйруғи касаллар ва ярадорлар учун ўлим жазоси эканлиги ҳақида баёнот берган эди.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 1,9 минг кишига етди. Улардан 614 нафари бола ва 370 нафари аёл, 7696 нафари эса жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Исроил Ғазо сектори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made