Исроил Ғазода инсониятга қарши жиноят амалга оширган – HRW
Олам
−
14 Ноябрь
2491Исроил Ғазодаги фаластинликларни мажбуран оммавий равишда кўчириб, уруш ва инсониятга қарши жиноят амалга оширган. Бу ҳақда бугун, 14 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари ташкилоти (HRW) ҳисобот эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, Ғазода 13 ой давомида содир этилган кенг миқёсли уруш даврида тахминан 1,9 миллион фаластинлик – деярли ҳудуднинг 90 фоиздан ортиқ аҳолиси кўчирилган. Хусусан, Исроил кучлари Ғазодаги уйларни ва фуқаролик инфратузилмасини мақсадли тарзда вайрон қилган. Исроил эса ушбу ҳаракатларнинг буфер зоналари ва хавфсизлик коридорлари яратиш учун амалга оширганини иддао қилиб келади.
“Исроил ҳукумати фаластинликлар хавфсизлигини таъминлайман, деб даъво қила олмайди. Чунки уларни қочаётган йўлларида ўлдиради, хавфсиз ҳудудларни бомбардимон қилади, овқат, сув ва санитария хизматларини тўсиб қўяди”, дейди HRW'нинг бошқарувчи тадқиқотчиси Надя Хардман.
Қайд этилишича, Исроил фаластинликларнинг уйларига қайтиш ҳуқуқини таъминлаш мажбуриятини очиқ-ойдин бузмоқда, катта ҳудудларда деярли ҳамма нарсани вайрон қилмоқда.
Ушбу ҳисоботга жавобан Исроил ҳарбийлари халқаро ҳуқуққа содиқ қолганини ва унга мувофиқ ҳаракат қилишини айтиб, фуқароларни жанговар ҳудудлардан ҳимоя қилиш учун эвакуация буйруқлари берилишини иддао қилган. Шунингдек, Исроил ҳарбийлари ҳар қандай ҳарбий заруратга қарши фуқаролик инфратузилмасини максимал даражада зарарлашни мақсад қилган стратегиянинг мавжудлигини инкор этиб, халқаро ҳуқуқни бузиш ҳақидаги барча шикоятлар ва аризалар ички текширув органларига юборилишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари томонидан эълон қилинган ҳисоботда Ғазо секторида ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар қарийб 70 фоизни ташкил этаётгани хабар қилинганди.