Исроил Ғазо марказида ҳарбий базалар қурмоқда – NYT

Олам

image

Сўнгги ойларда Исроил Ғазо секторида 600 дан ортиқ биноларни бузиб ташлаб, буфер зонаси яратди ва ҳарбий базалар тармоғини кенгайтирди. Бу ҳақда сунъий йўлдош суратлари ва видеоматериаллар таҳлилига асосланиб, “The New York Times” нашри хабар берди.

“Исроил сўнгги ойларда Ғазонинг марказида ўз ҳарбий базаларини мустаҳкамлаш ва биноларни бузиб ташлаш орқали ҳудуддаги мавжудлигини кучайтирмоқда. Таҳлилчиларга кўра, бу Исроилнинг ушбу ҳудудда узоқ муддатли назоратни ўрнатишга тайёрланаётганидан далолат беради”, дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, урушнинг дастлабки ойларидаёқ Исроил Ғазо секторини икки қисмга ажратувчи “Нецарим йўлаги” устидан назорат ўрнатган. Бу ҳудуд аста-секин Исроил томонидан бошқариладиган 47 квадрат километр майдонга эга зонага айланган. 

Исроил ушбу кенгайиш ҳарбий зарурат билан боғлиқ эканини маълум қилган. Аммо мазкур ҳудуд мамлакатнинг Ғазо секторини тўлиқ назоратга қайтариши эҳтимоли юзага келган тақдирда хавфсизликни таъминлаш учун ҳам хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилган.

Нашрга кўра, Ғазо секторида яҳудий давлати 19 та йирик ва ўнлаб кичик ҳарбий базалар ташкил этган. Бу базалар асфалтланган ва қўрғонлар билан ўралган бўлиб, уларнинг ҳудудида казармалар, зирҳли техника учун майдончалар, транспорт йўллари ва мудофаа тизимлари мавжуд.

Шу билан бирга, Исроил ҳукуматидаги айрим вазирлар Ғазо секторини қайта аннексия қилишни таклиф қилмоқда, аммо Бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳозирча бу ғояни рад этмоқда.

АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти эса Исроилнинг Ғазо секторида узоқ муддатли назорат ўрнатишига қарши эканлигини билдирган. Шунингдек, АҚШда президентликка сайланган Дональд Трамп Исроилни урушни тугатишга чақирган, аммо у Ғазо уруши якунига оид аниқ шартларни айтиб ўтмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден АҚШ ва Исроил воситачи давлатлар – Миср, Қатар ва Туркия билан биргаликда яқин кунларда Ғазо секторида сулҳга эришишга ҳаракат қилишини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил ҳарбий база Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг