Исроил Ғарб давлатларининг кўмагида Ғазо аҳолисини қириб ташламоқда – Эрдўған 

Олам

image

Исроил маъмурияти Ғарб давлатларининг сўзсиз қўллаб-қувватлаши билан блокададаги Ғазо секторининг бир ҳовуч ерига сиқиб қўйилган аҳолини шафқатсизларча йўқ қилмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ахборот вазирларининг навбатдан ташқари йиғилиши иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида айтиб ўтди.

Туркия раҳбари ҳозирда Ғазо секторида 30 мингдан ортиқ фаластинлик шафқатсизларча ўлдирилгани, 70 мингдан ортиқ киши жароҳатланганини таъкидлади.

Президент ушбу учрашув бутун матбуот ҳамжамиятига, хусусан, босиб олинган Фаластин ҳудудларида журналистик фаолиятини олиб боришга ҳаракат қилаётган ОАВ вакиллари учун фойдали бўлишини тилади.

Эрдўған 7 октябрдан буён Ғазо ва Исроил томонидан босиб олинган Фаластин ҳудудларида ваҳшийликлар содир бўлаётганини қайд этди.

“Исроил томонидан ўлдирилган ғазоликларнинг аксарияти болалар, аёллар ва қариялардир. Исроил ишғол кучлари нафақат бегуноҳ тинч аҳолини, балки у ерда бўлаётган воқеаларни дунёга етказишга ҳаракат қилаётган матбуот вакилларини ҳам нишонга олмоқда. Эркин матбуотнинг овозини ўчириш учун Исроил томонидан ўлдирилган ОАВ вакиллари сони 100 дан ошади”, дейди Эрдўған.

Президентнинг сўзларига кўра, Исроилнинг қўрқитиш сиёсатига қарамай, журналистлар ҳар хил таваккалчиликларни ўз зиммаларига олиб, Ғазо халқи ва ҳақиқат олдидаги масъулиятларини бажармоқда.

Президент Эрдўған глобал медиага ўз таъсирини қўллаган Исроил дезинформацион фаолиятларини тезлаштирганини таъкидлади.

“Исроил ўзининг ҳарбий жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларини яшириш учун барча воситаларни, жумладан, фактларни бузиб кўрсатиш ва ташвиқотни қўллайди. Ғарб оммавий ахборот воситалари нохолис хабарлари билан Исроил ташвиқот машинасига ҳисса қўшди. Бундай вазиятга дуч келган ҳолда ислом мамлакатлари сифатида бизнинг масъулиятимиздан бири ёлғоннинг ҳақиқатни яширишига йўл қўймасликдир. Ғазолик биродарларимизга қарши ваҳшийликларни қайд этиш ва хабар қилиш ҳамда Исроилнинг дезинформация ҳаракатларининг олдини олиш бизнинг энг муҳим вазифаларимиздандир”, дейди Туркия раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ой охирида Ғазо секторида ҳалок бўлган журналистлар сони  119 нафарга етгани маълум бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made