Исроил фаластинлик маҳбусларни Нил тимсоҳлари билан қўриқламоқчи
Олам
−
25 июл 3161 2 дақиқа
Исроил фаластинлик маҳбуслар сақланадиган қамоқхоналар атрофига Нил тимсоҳларини жойлаштиришни кўриб чиқмоқда. Мамлакат Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Идит Силман Нил тимсоҳини “маданийлаштирилган ёввойи ҳайвон” деб эълон қилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Мазкур қарор Исроил қамоқхона хизматига қамоқхоналар атрофида тимсоҳларни сақлаш имконини бериши мумкин. Ташаббус Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг ғояси билан боғлиқ бўлиб, у маҳбуслар сақланадиган ҳудудларни тимсоҳлар ёрдамида қўриқлашни таклиф қилган.
Маълумотларга кўра, Бен-Гвир ушбу ғояни ўтган йилнинг декабрь ойида Қамоқхона хизмати раҳбари Коби Якоби билан учрашувда билдирган. У фаластинлик маҳбусларни тимсоҳлар қўриқлайдиган қамоқхоналарда сақлаш таклифини илгари сурганди.
Лойиҳа дастлаб Кетциот қамоқхонасида синов тариқасида амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг учун Исроилдаги Ҳамат-Гадер фермасидан тимсоҳларни олиб келиш таклиф қилинган.
Бироқ ташаббус мамлакат Табиат ва боғлар бошқармаси ҳамда вазирлик ҳуқуқшунослари томонидан танқид қилинган. Улар тимсоҳлардан қамоқхоналарни қўриқлаш воситаси сифатида фойдаланиш учун етарли ҳуқуқий ва илмий асослар мавжуд эмаслигини билдирган.
Мутахассислар қонун ёввойи ҳайвонларни асосан илмий тадқиқотлар, таълим ва жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадларида сақлашга рухсат беришини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, хавфли ёввойи ҳайвонларни қамоқхона ҳудудида сақлаш инсонлар хавфсизлиги учун қўшимча хатар туғдириши мумкин.
Ҳуқуқшунослар, шунингдек, замонавий қамоқхоналарда тимсоҳлардан хавфсизлик воситаси сифатида фойдаланиш бўйича ишончли тажриба мавжуд эмаслигини қайд этган.
Шунга қарамай, Идит Силман ташаббусни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Унинг қарорига кўра, агар хавфсизлик эҳтиёжи мавжуд деб топилса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга бундай ҳайвонларни сақлашга рухсат берилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 июль куни Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида тимсоҳ 12 яшар болани еб қўйгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси