Исроил Эрон генералини ўлдирди
Олам
−
20 Январь
16870Эрон инқилоби гвардияси корпусининг “Ал-Қудс” махсус кучлари разведка хизмати қўмондони, генерал Юсуф Омид Зода Сурия пойтахти Дамашқда Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Теҳронда тарқатилган баёнотга таяниб, “Al Hadath” телеканали хабар берди.
Ракета зарбалари Эрон ҳарбий маслаҳатчилари истиқомат қиладиган Дамашқ ғарбидаги Меззе кварталидаги уйлардан бирига берилган. Оқибатда генерал Омид Зода билан бирга яна тўрт эронлик зобит ҳалок бўлган.
Ҳужумда учта самолёт иштирок этган, маслаҳатчилар яшаган тўрт қаватли уй бутунлай вайрон бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 25 декабрь куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Дамашқ жанубидаги Саййида Зайнаб ҳудудида уюштирган ҳужуми оқибатида Эроннинг Суриядаги ҳарбий маслаҳатчилари гуруҳига раҳбарлик қилган генерал Рози Мусавий ҳалок бўлганди. У 2020 йил 3 январда Бағдод халқаро аэропорти яқинида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг ракета ҳужуми натижасида ҳалок бўлган генерал Қосим Сулаймонийнинг сафдошларидан бири ҳисобланган.