Исроил Эрон билан келишувни бузиши мумкин – АҚШ
World
−
20 June 5666 2 minutes
АҚШ разведкаси Президент Дональд Трамп маъмуриятини Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги узоқ муддатли келишувни бузишга уриниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
Маълум қилинишича, Исроил томони ушбу келишув шартларидан норози бўлиб, айниқса АҚШ ва Эрон томонидан имзоланган меморандум Теҳронга нисбатан “максимал босим” сиёсатини юмшатиши мумкин деб ҳисобланмоқда.
Разведка маълумотларига кўра, Нетаньяху Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий операцияларни давом эттиришни режалаштирмоқда. Бу эса Эрон томонининг музокараларда қўйган асосий талабларига зид келади.
Шунингдек, сиёсий сабаблар ҳам тилга олинган: Нетаньяху 2026 йил кузидаги парламент сайловлари олдидан ички сиёсий босим остида бўлиб, Исроил жамоатчилигининг катта қисми “Ҳизбуллоҳ”га қарши қатъий позицияни қўллаб-қувватламоқда.
CNN маълумотларига кўра, Нетаньяху АҚШдаги исроилпарвар сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари орқали Трампга босим ўтказишни ҳам режалаштирмоқда.
Бир вақтнинг ўзида айрим манбалар Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини ҳам маълум қилган. Бироқ Ливан томони ЦАҲАЛ томонидан ҳужумлар давом этганини билдирган, Исроил эса буни расман тасдиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Эрон ўртасидаги меморандум Ливанни ҳам қамраб олган ҳолда барча фронтларда урушни тўхтатишни назарда тутади. Шу асосда 60 кунлик музокаралар жараёни бошланган, бироқ Ливандаги вазият сабаб Швейцариядаги учрашув кечиктирилган.