Исроил Эрон ҳужумларини яширди – ОАВ
Олам
−
05 Июль
13104Исроил билан Эрон ўртасида бўлиб ўтган 12 кунлик уруш давомида Эрон томонидан Исроилдаги бешта ҳарбий объектга берилган зарбалар яширилган. Бу ҳақда “The Telegraph” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу хулоса АҚШнинг Орегон университети олимлари тақдим этган сунъий йўлдош радар маълумотлари асосида чиқарилган.
Нашрга кўра, олти дона Эрон ракетаси Исроилнинг шимолий, жанубий ва марказий қисмларидаги ҳарбий объектларга, жумладан, йирик ҳарбий-ҳаво базаси, разведка маркази ва логистика базасига урилган. Шунингдек, яна 36 та ракета Исроил ҳаво мудофааси тизимини ёриб ўтишга муваффақ бўлган.
Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) бу маълумотларга муносабат билдирмаган.
Исроил журналистлари ҳам мазкур ҳужумларни тасдиқловчи хабарларни берган. Яҳудий давлатининг “13-канал” журналисти Равив Друкер “ҳали эълон қилинмаган кўплаб ракетали ҳужумлар” ҳақида айтган.
Эронлик манбага кўра, Исроил ҳаво мудофаасини чалғитиш мақсадида ракеталар ва дронлар биргаликда қўлланган ва бу иш берган.
“Дронлар асосан чалғитиш учун юборилган, кўпчилиги Исроил томонидан уриб туширилади, лекин улар барибир ҳаво мудофаа тизимини чалғитди”, деган эронлик манба.
Қайд этиш жоиз, Эрон томони Исроил ҳудудига зарбалар йўллашни бошлаши биланоқ, Исроил ўз фуқароларидан ракеталар ва етказилган зарарни видео ёки расм кўринишида ижтимоий тармоқларда эълон қилмасликни сўраган. Баъзи бир хулосаларга кўра, бу ҳаракатлар Исроил ўзига етказилган зарарни яширишнинг илк босқичи бўлган.
Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддият
Уруш 13 июндан 24 июнгача давом этди. Аввалига Исроил Эрон ҳудудига зарба берди, бунга жавобан Эрон ҳам Исроилни нишонга олди. 22 июнга ўтар кечаси АҚШ можарога аралашди ва Эрондаги ядро объектларини бомбалади. Кейинги куни Эрон Қатардаги АҚШ ҳарбий базасига зарба берди.
Ушбу урушдан олдин АҚШ ва Эрон янги ядровий битим юзасидан музокаралар олиб бораётган эди. Исроил эса Теҳроннинг ядровий қуролга яқинлашгани боис операцияни бошлаганини билдирган. Вашингтон ҳам шундай фикрни баён қилган. Эрон эса ядро қуролини яратмоқчи эмаслигини, бироқ тинч атом дастурига ҳақли эканини таъкидлаган.
LiveБарчаси