Исроил элчиси Россия ТИВга чақиртирилди
Олам
−
05 Февраль
18518Бугун, 5 февраль куни Исроилнинг Москвадаги элчиси Симона Гальперин Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
“Исроил элчисининг Россия ташқи сиёсатидаги ёндашувлари ва тарихий воқеликни бузиб кўрсатувчи номақбул баёнотлари муносабати билан Гальперин Ташқи ишлар вазирлигига чақирилади”, дейилган Смоленская майдонида журналистларга.
Бундан ташқари, Гальпериннинг баъзи баёнотлари икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлидаги муносабатларни ривожлантиришга қаратилган дипломатик миссиянинг ўта муваффақиятсиз бошланиши экани таъкидланди.
Қайд этиш жоизки, январь ойида Исроил элчиси сифатида иш бошлаган Симона Гальперин “Коммерсант” газетасига берган интервьюсида Россия раҳбариятининг ҲАМАС билан алоқаларини кескин танқид қилган.
"Москвада ҲАМАС аъзоларини кутиб олишади, қучоқлашади ва уларнинг олдига гилам ёйишади. Биз буни тушунолмаймиз. Россияда улар гаровга олинганларни озод қилиш учун бу музокаралар олиб борилаётганини айтишади. Лекин тез орада одамларнинг гаровда қолаётгани ва қўйиб юборилмаётганига тўрт ой бўлади", деган элчи.
Гальпериннинг сўзларига кўра, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга қарши кенг кўламли ҳужумидан сўнг Россия ўзининг Яқин Шарқ сиёсати билан “исроилликларга, жумладан, рус тилида сўзлашувчиларга ҳамдардлигини йўқотмоқда”.
“Ўзи террор хуружларидан жабр кўрган Россия Исроилнинг терроризмга қарши курашини қўллаб-қувватламайди, аксинча, Исроилни геноцидда айблаб, Халқаро судга бемаъни даъво аризаси билан чиққан Жанубий Африка Республикаси билан ҳамжиҳатликда”, дея қўшимча қилган дипломат.
Эслатиб ўтамиз, 19 январь куни ҲАМАСнинг Халқаро алоқалар бюроси раҳбари Мусо Абу Марзук бошчилигидаги делегацияси Москвада Россия Президентининг Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари бўйича махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов билан учрашганди. Томонлар фаластинликлар қирғинига чек қўйиш учун Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш йўлларини муҳокама қилди. Богданов ҲАМАС томонидан асирга олинган тинч аҳоли, жумладан, уч нафар Россия фуқаросини тезроқ озод қилишни сўради.
LiveБарчаси