Исроил депутатлари Ғарб давлатларини 10 минг нафардан фаластинликни қабул қилишга чақирди

Олам

image

Исроил Кнессетининг (парламентининг) икки аъзоси Ғазо секторидаги инқирозни юмшатиш учун Ғарб давлатларини 10 минг нафардан фаластинлик қочқинни қабул қилишга чақирди. Бу ҳақда уларнинг “The Wall Street Journal” газетасида чоп этилган мақоласида сўз очилди.

Мақола муаллифлари Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси аъзоси, мамлакатнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Дани Данон ва мухолифатдаги “Еш Атид” партиясидан сайланган депутат, “Моссад” разведка хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Рам Бен-Барак саналади.

"Қочқинларни жойлаштириш бўйича тажрибага эга глобал ташкилотлар уларни қабул қилишга тайёр давлатларга кўчиб ўтмоқчи бўлган ғазоликларни жойлаштиришга ёрдам бериши керак", деган депутатлар.

Муаллифларнинг фикрича, бир қанча Ғарб давлатлари Ғазо аҳолисини кутиб олиш масъулиятини ўз зиммаларига олиши зарур.

"Ҳар бир мамлакат атиги 10 минг кишини қабул қилса ҳам, бу инқирозни юмшатишга ёрдам беради", деб таъкидлайди улар. 

Депутатларнинг эслашича, Европа можаролардан қочган қочқинларга ёрдам беришнинг узоқ тарихига эга.

“Халқаро ҳамжамият раҳм-шафқат кўрсатиш, ғазоликларга янада фаровон келажак сари ҳаракат қилишда ёрдам бериш ҳамда Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликка эришиш учун биргаликда ҳаракат қилиш учун маънавий бурч ва имкониятга эга”, деб хулоса қилади муаллифлар.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил ҳукумати Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолисини Мисрга Синай яриморолига жойлаштириш ғоясини таклиф қилган мамлакат разведка вазирлиги ҳужжати мавжудлигини тан олганди. Унда Ғазо сектори аҳолисини Синай яримороли шимолидаги чодир шаҳарларга кўчириш, у ерда доимий шаҳарлар қуриш ва гуманитар коридор яратиш ғояси баён этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг