Исроил чегарасидаги отишмада 3 исроиллик ҳалок бўлди

Олам

image

Бугун, 3 июнь куни Исроил ва Миср чегараси яқинида уч нафар исроиллик аскар ва бир мисрлик хавфсизлик ходими ҳалок бўлди. Тафсилотлари номаълумлигича қолаётган мазкур ҳолат юзасидан икки давлат биргаликда тергов олиб бормоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Исроил армиясининг маълум қилишича, эрта тонгда Миср чегарасидаги ҳарбий постни қўриқлаш пайтида мисрлик полициячи икки аскарни отиб ўлдирган. Мисрлик зобит ва яна бир исроиллик аскар эса бир неча соат ўтиб, Исроил ҳудудидаги тўқнашувда ҳалок бўлган.

Исроил Қуролли Кучлари жанубий қўмондонлиги бошлиғи Элиэзер Толеданонинг айтишича, икки исроиллик аскарнинг ўлгани аниқланиши биланоқ, ҳарбийлар воқеани теракт сифатида баҳолаган. 

Миср томони эса қурбонлар чегарадан контрабандачиларни қувиб ўтаётганда содир бўлган отишмада ҳалок бўлганини билдирган.

"Биз ҳар қандай саволни, шу жумладан, отишма тунда олиб борилган контрабанда фаолияти билан боғлиқ бўлиши эҳтимолини ҳам кўриб чиқамиз", деган Толедано.

Маълумот учун, 1979 йилда Миср Исроил билан тинчлик шартномасини имзолаган биринчи араб давлати бўлган. Исроил ҳарбийлари вакилининг айтишича, Миср билан чегарада гиёҳванд моддалар контрабандасига уринишлар тез-тез содир бўлган бўлсада, Исроилга сўнгги маълум бўлган ва қурбонлар билан якунланган инфилтрация тахминан 10 йил олдин юз берган.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Миср Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг