Исроил Британиянинг Қуддусдаги консуллигини ёпишни буюрди
Олам
−
13:34 472 1 дақиқа
Исроил Буюк Британиянинг Шарқий Қуддусдаги консуллигини 30 кун ичида ёпишни ва ундаги дипломатларнинг аккредитациясини бекор қилишни буюрди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Исроилнинг бу қарори Буюк Британиянинг босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Исроил аҳоли пунктларига нисбатан савдо санкциялари жорий этганига жавобан қабул қилинган.
Шунингдек, АҚШ бошчилигидаги Ғазони мувофиқлаштириш миссиясида Исроил ҳудудида фаолият юритаётган британиялик вакиллар, шунингдек, Рамаллоҳда жойлашган Буюк Британия дипломатлари 7 кун ичида мамлакатни тарк этиши керак.
Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар кеча, 8 сентябрь куни Буюк Британия Ғарбий Соҳилдаги аҳоли пунктларидан товарлар импортига чеклов жорий этгани сабабли Шарқий Қуддусдаги консуллик ёпилишини айтган.
Маълумотларга кўра, Буюк Британиядан ташқари Франция ва Канада ҳам Ғарбий Соҳилдаги Исроил аҳоли пунктларидан товарлар импортини тақиқлашини билдирган. Франция ва Швеция эса Буюк Британиянинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаган.
Исроил ҳукумати бугун, 9 сентябрь куни Буюк Британиянинг мазкур чораларига қўшилган бошқа давлатларга нисбатан қандай жавоб беришни муҳокама қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армиясининг Ливаннинг турли ҳудудларига уюштирган авиазарбалари оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.