Исроил БМТнинг Фаластиндаги биноларини бузиб ташлади
Олам
−
20 Январь 2451 2 дақиқа
Бугун, 20 январь куни Исроил Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қарашли Фаластинлик қочқинларга ёрдам берувчи агентлигининг (UNRWA) Шарқий Қуддусдаги мажмуасини бузиб ташлади. Агентлик ушбу ҳаракатни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши сифатида баҳолади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил кучлари бульдозерлар ёрдамида БМТ агентлигига тегишли бир нечта йирик бино ҳамда бошқа кичик иншоотларни вайрон қилган. UNRWA мазкур мажмуадан сўнгги бир йил давомида фойдаланилмаганига қарамай, Исроилнинг бу ҳаракатини кескин қоралаган.
UNRWA вакили Жонатан Фуллернинг айтишича, Исроил кучлари маҳаллий вақт билан соат 7:00 атрофида мажмуага бостириб кириб, қўриқчиларни ҳудуддан чиқариб юборган ва шундан сўнг биноларни бузиш учун бульдозерларни ишга туширган.
Агентлик раҳбари Филипп Лаццарини Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги баёнотида мазкур ҳолатни қоралаб, уни “халқаро ҳуқуққа очиқ ва қасддан бўйсунмасликнинг янги даражаси” деб атаган. Унинг билдиришича, бу Исроил томонидан UNRWA’га қарши амалга оширилаётган кетма-кет чораларининг навбатдагиси. Жумладан, шу ой бошида агентликнинг тиббий клиникасида рейд ўтказилган, шунингдек, яқин ҳафталарда UNRWA иншоотларидан электр энергияси ва сув таъминотини узиш режалаштирилган.
Агентликнинг собиқ ходимлари маълумотига кўра, 20 январь куни бузиб ташланган иншоотлар илгари Ғарбий Соҳил ва Ғазо ҳудудларига гуманитар ёрдам сақлаш учун фойдаланилган.
UNRWA’нинг Шарқий Қуддусдаги бош қароргоҳининг собиқ раҳбари Ҳакам Шаҳван бу воқеага муносабат билдирган.
“Бугунги вайронкорлик Исроил халқаро ҳуқуқни бузиб, жазодан қутулиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги яна бир салбий хабарни бутун дунёга ёйди”, дейди у.
Маълумот ўрнида, Исроил парламенти 2024 йил октябрь ойида UNRWA’нинг мамлакат ҳудудидаги фаолиятини тақиқловчи ҳамда расмий шахсларга агентлик билан ҳамкорлик қилишни ман этувчи қонунни қабул қилган. Исроил расмийлари UNRWA’нинг айрим ходимлари Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи аъзолари бўлганини ва 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган ҳужумда иштирок этганини даъво қилмоқда. Мазкур ҳужум оқибатида тахминан 1 200 нафар исроиллик ҳалок бўлган ва бу Исроилнинг ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётларини бошлаб бериб, Ғазо расмийлари маълумотига кўра, 71 мингдан ортиқ фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо бўйича Тинчлик кенгаши таркиби эълон қилинганди.
Live
Барчаси