Исроил БМТни ҲАМАСга шерикликда айблади
Олам
−
13 Январь
3963Исроилнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Гилад Эрдан БМТни ҲАМАСга шерикликда айблаб, у Гаагадаги Халқаро суд олдида жавоб бериши кераклигини даъво қилди. Унинг тегишли баёноти Исроил доимий ваколатхонаси томонидан эълон қилинди.
“Гаагада айнан БМТ Ғазода террорчиларнинг туннелларини қазишига шерик бўлиб, ракета ишлаб чиқариш учун халқаро ёрдамдан фойдаланишга кўз юмгани учун судланиши керак”, дейди Эрдан.
Унинг фикрича, ҳозирда Гаагадаги Халқаро судда кўриб чиқилаётган Жанубий Африканинг Исроилга қарши геноцид айблови бўйича даъвоси “БМТ ва унинг институтлари қандай қилиб террорчилик ташкилотлари қўлида қуролга айланганини кўрсатади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Котибияти эса Эрданнинг баёнотини тушунмаяпти.
“Мен бундай баёнотни ҳақиқатан ҳам тушунмаяпман”, дейди БМТ расмий вакили Стефан Дюжаррик брифингда.
Дюжаррикнинг қўшимча қилишича, БМТ Фаластин-Исроил можаросининг барча томонлари билан ҳамкорлик қилишга ва Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини тўлиқ бажаришга интилади.
Маълумот ўрнида, Жанубий Африка 2023 йил 29 декабрда Гаагадаги Халқаро судга “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида”ги конвенцияни бузгани учун Исроилга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди. Ҳужжатда таъкидланишича, Исроил расмийларининг хатти-ҳаракатлари геноцид сифатида тавсифланиши мумкин, чунки ушбу қирғин “Ғазодаги фаластинликларни Фаластин миллий, ирқий ва этник гуруҳининг бир қисми сифатида йўқ қилиш” мақсадида амалга оширилмоқда. Бундай ҳолда, Жанубий Африка томони суддан Исроил конвенция бўйича ўз мажбуриятларини бузаётганлиги ва Ғазо секторидаги барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, товон тўлаши кераклиги ҳақида ҳукм чиқаришини сўраяпти.
Ишнинг моҳиятини кўриб чиқиш кейинроқ бошланади ва камида бир неча йил давом этиши кутилмоқда. 11-12 январь кунлари тингловлар бўлиб ўтди. Унда дастлаб Жанубий Африка, эртаси куни эса Исроилнинг позицияси тингланди.
Жанубий Африка вакилларининг сўзларига кўра, фаластинликлар ҳуқуқларини “бундан кейин ҳам жиддий ва тузатиб бўлмайдиган” бузилишидан ҳимоя қилишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Даъвогар томоннинг адвокатлари ўз чиқишлари давомида Исроил Фаластинга нисбатан апартеид сиёсатини олиб бораётганини, Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёт эса геноцид эканини таъкидлади. Улар суддан Исроилдан Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини тўхтатиш ва Фаластин халқига қарши геноциднинг олдини олиш чораларини кўришни талаб қилди.
Ўз навбатида, Исроил БМТ Халқаро судидан Жанубий Африканинг даъвосини рад этишни сўради. Делегация матбуот котиби Тал Беккернинг сўзларига кўра, бу Исроилни халқаро қонунчиликка кўра ўзини мисли кўрилмаган террор ҳужумидан ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга қаратилган.
Беккер Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётидан мақсад Фаластин халқини йўқ қилиш эмас, балки ўз халқини ҳимоя қилиш эканини даъво қилди.
“Бу ерда геноцид атамасининг асосий таркибий қисми – халқни йўқ қилиш нияти бутунлай йўқ”, дейди Исроил вакили.
Тингловларда Исроил томонида иштирок этаётган британиялик адвокат Малколм Шоу ҳам Исроилнинг Ғазо секторини доимий равишда босиб олиш ва у ердан одамларни кўчириш мақсади йўқлигини таъкидлади.
“Исроил Фаластин аҳолисига эмас, ҲАМАС террор ташкилотига қарши курашмоқда ва буни халқаро қонунларга мувофиқ амалга оширмоқда”, дейди Шоу.
Суднинг профилактика чоралари ҳақидаги ҳукми бир неча ҳафта ичида эълон қилиниши кутилмоқда. Суд қарорлари мажбурийдир, аммо судда уларни ижро этиш механизмлари мавжуд эмас.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь