Исроил аскарлари БМТ карвонига ҳужум қилди
Олам
−
22 Июль
7816Исроил аскарлари Ғазо секторида БМТ карвонига ҳужум қилди ва бир машинага зарар етказди. Бу ҳақда БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги Бош комиссари Филипп Лаззарини ўзининг ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Унинг қайд этишича, кеча, 21 июль куни Исроил кучлари Ғазо секторида БМТ карвонига қарата ўт очган. Оқибатда БМТ зирҳли машинасига 5 та ўқ теккан ва жиддий зарар кўрган.
Шунингдек, UNRWA Бош комиссари ҳужумга учраган машиналарда БМТ нишонлари бўлганини айтди. Лаззаринининг сўзларига кўра, карвон Ғазога жўнашдан олдин Исроил расмийлари томонидан мувофиқлаштирилган ва тасдиқланган.
Отишма оқибатида қурбон бўлганлар йўқ.
“Ёрдамчилар нишонга олинмаслиги керак. Айбдорлар жавобгарликка тортилиши шарт”, дея ёзган Лаззарини.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг Яманга ҳужумидан чуқур хавотирда эканлигини билдирганди.
Азизбек Эшмаматов