Исроил армияси Сурия ҳудудига кирди – NYT

Олам

image

Исроил армияси Сурия билан чегарадаги Голан тепаликларидаги буфер зонадан ташқарига чиқди. Бу ҳақда икки Исроил расмийсига таяниб, “The New York Times” (NYT) хабар берди.

Манбага кўра, Исроил қўшинларининг Голан ташқарисига қайта жойлаштирилиши Суриянинг собиқ президенти Башар Асаднинг мамлакатни тарк этгани билан боғлиқ ва бу минтақада беқарорликнинг кучайишига олиб келиши мумкин. Нашрнинг ёзишича, яҳудий давлати армиясининг буфер зонадан ташқарида мавжудлигини билвосита тасдиқлаш Исроил армияси бош штаби бошлиғи Герзи Ҳалевининг Сурия ҳудудига қўшинлар киритилиши ҳақидаги баёноти бўлди.

Герзи Ҳалеви ҳарбийлар билан учрашувда Исроил Суриянинг чегара ҳудудларига қуруқликдаги қўшинларини юбориб, тўртинчи фронтни очганини маълум қилди. 

“Кечадан бери биз тўртта фронтда жанг қиляпмиз. Қуруқликдаги кучлар тўртта фронтда: Яҳудия ва Самарияда, Ғазода, Ливанда терроризмга қарши жангларда қатнашмоқда ва кеча биз Сурия ҳудудига қўшин киритдик”, деган у.

Унинг фикрича, Исроил ҳозирда “аъло, яхши мувофиқлаштирилган қуруқликдаги қўшинларга эга: пиёдалар, зирҳлар, муҳандислик ва артиллерия бўлинмалари”, улар ЦАХАЛнинг бошқа бўлинмалари, жумладан ҳаво кучлари, денгиз флоти ва ҳарбий разведка билан чамбарчас боғлиқ.

“Бу ЦАХАЛга оғир йиллардан кейин ҳам мамлакатни кучли ва самарали ҳимоя қилиш имконини беради”, дейди Ҳалеви.

“Kan” давлат телерадиокомпаниясининг хабарига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Суриядаги ўнлаб нишонларга зарба берган. Унинг манбаларига кўра, ҳужумлар нишони зенит-ракета комплекслари, баллистик ракета ишлаб чиқариш устахоналари ва уларни сақлаш учун омборхоналар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бўлган. 

“Бу зарбалар Исроилнинг Сурия осмонида ҳаракат эркинлигини таъминлашга қаратилган”, дея таъкидлайди “Kan”.

Ўз навбатида, “The Times of Israel”нинг мудофаа тузилмаларидаги манбаларига кўра, Исроилнинг Сурияга зарбалари “жуда шиддатли” бўлган. Ушбу манбаларга кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг қуроллари ва элементларини ишлаб чиқариш ва сақлаш объектларидан ташқари, зарбаларнинг мақсади араб республикасида ҳокимиятнинг ўзгариши натижасида “Исроилга душман элементлар қўлига тушиши мумкин бўлган стратегик қуролларни йўқ қилиш” эди.

Кеча, 8 декабрь куни эрталаб Исроил армияси Сурия билан чегарадаги буфер зонага ўз кучларини жойлаштиришни расман эълон қилди. Яҳудий давлати Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, бу ҳаракатлар Суриядаги сўнгги воқеалар билан боғлиқ бўлиб, мудофаа характерига эга ва вақтинчалик чора ҳисобланади. Бундан ташқари, Нетаньяхунинг сўзларига кўра, 1974 йилда Исроил ва Сурия ўртасидаги кучларни тақсимлаш тўғрисидаги келишувга кўра, Голан тепаликларида буфер зонада фақат БМТ кучлари бўлиши мумкин эди. Сурия армияси Дамашқда ҳокимият алмашгани муносабати билан чегара ҳудудидаги позицияларидан воз кечганлиги сабабли, Исроил ўз хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган хавфларни тўхтатиш учун уларни босиб олишни зарур деб ҳисоблади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 декабрь куни “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги исёнчи кучлар Сурия пойтахти Дамашққа кирган ва мамлакат раҳбари Башар Асад режими ағдарилганини эълон қилганди. Башар Асад оиласи билан Москвага боргани айтилди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса мамлакатнинг Сурия билан чегарасига борди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Исроил Башар Асад Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг