Исроил ҳуcийларга қарши “Қора байроқ” операциясини бошлади
Олам
−
07 Июль 4419 2 дақиқа
Исроил “Қора байроқ” операциясини бошлади, унинг давомида ҳаво кучлари Яманнинг учта портига, шунингдек, ҳуcийлар 2023 йилда қўлга киритган “Galaxy Leader” юк кемасига ҳужум қилди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац маълум қилди.
У ҳозирги вазиятни Исроилнинг яқинда Эронга берган зарбаларига қиёслади. Унинг айтишича, Ҳудейда, Рас Исо ва Ас-Салиф портлари ҳусийлар назорати остида. Рас Канатибадаги электр станциясига ҳам ҳужум қилинган.
“Яман тақдири Теҳрон тақдири билан бир хил”, деб ёзган Кац Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, “Исроилга қарши қўл кўтарган ҳар қандай одамнинг қўли кесилади”. Вазирнинг таъкидлашича, “хусийлар ўз қилмишлари учун катта тўлов тўлашда давом этади”.
Яман ҳусийлари охирги марта 6 июнга ўтар кечаси Исроил ҳудудига баллистик ракеталар отган. ЦАҲАЛ ракетани тутиб олганини маълум қилган. Кац эса бундай ҳаракатлар жавобсиз қолмаслиги ҳақида огоҳлантирган.
Маълумот учун, ҳусийлар Ғазо секторида давом этаётган ҳужумларга жавобан Исроилга мунтазам зарба беради. Ҳужумлар 2023 йил 7 октябрда бошланганидан бери Ғазода 193 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ёки яраланган. 11 мингдан ортиғи бедарак йўқолган, юз минглаб одамлар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Блокада ва унинг оқибатида юзага келган очарчилик ўнлаб одамлар, жумладан, болалар ҳалок бўлди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳусийлар Тель-Авивдаги Бен-Гурион халқаро аэропортига гипертовушли баллистик ракета билан муваффақиятли зарба бергани ҳақида хабар берганди. Исроил армияси эса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари эрталаб Ямандан отилган ракетани тутиб олгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида ҳаво ҳужуми сиреналари янгради.
Live
Барчаси