Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг 1000 дан ортиқ аъзосини йўқ қилди

Олам

image

Исроил кучлари Ливанда бир ой давом этган жанглар ортидан “Ҳизбуллоҳ”нинг қарийб 1000 нафар аъзосини йўқ қилди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) хабар берди. 

Маълум қилинишича, нишонлар орасида юқори мартабали қўмондонлар ва “Радван” махсус бўлинмасининг кўплаб жангчилари ҳам бор.

Шунингдек, Исроил армияси Ливан бўйлаб 3500 дан ортиқ нишонга зарба берган. Бу зарбалар асосан ҳарбий инфратузилма, қурол омборлари, ракета учириш қурилмалари ҳамда бошқарув марказларига қаратилган.

Қуруқликдаги операцияларда Ливан жанубида ЦАХАЛнинг учта дивизияси иштирок этмоқда. Шу вақт ичида Исроил томони 10 нафар ҳарбийсини йўқотганини билдирган.

Исроил раҳбарияти ушбу операциянинг асосий мақсади “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириш ва мамлакат шимолидаги аҳоли учун хавфсизликни таъминлаш эканини таъкидламоқда. Исроил Мудофаа вазири Исроиль Кац армия мамлакатнинг шимолий чегарасидан Литани дарёсигача бўлган ҳудудда хавфсизликни назорат қилишни режалаётганини айтган.

Ливан томони эса Исроилни ўз ҳудудини босиб олишда айбламоқда. Можаро бошлангандан буён Ливанда 1345 киши ҳалок бўлган, 4040 нафари жароҳатланган ва юз минглаб одамлар жанубий ҳудудлардан кўчишга мажбур бўлган.

Кескинлашув 2 март куни бошланган. Ўшанда “Ҳизбуллоҳ” Исроил ҳудудига ракета ҳужумларини қайта бошлаган. Шундан сўнг Исроил Ливаннинг жанубий ҳудудлари, Бека водийси ва Байрут атрофига кенг кўламли зарбалар бера бошлаган. 16 март куни эса Исроил армияси Ливан жанубида расмий равишда қуруқлик операциясини бошлаганини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливан Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Байрутдаги элчисининг аккредитациясини бекор қилиб, уни “персона нон грата” деб эълон қилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ливан Ҳизбуллоҳ ЦАХАЛ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг