Исроил “Ҳизбуллоҳ”ники дея гумон қилинган молия марказларига зарба берди (видео)
Олам
−
21 Октябрь
289420 октябрь куни кечқурун Исроил ҳаво кучлари Ливандаги “Ал-Қард Ал-Ҳассан” молия-кредит уюшмасининг бир қанча филиалларига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда ЦАХАЛ матбуот хизматининг араб оммавий ахборот воситалари бўлими бошлиғи Авиҳай Адрай маълум қилди.
Исроил кучлари бир вақтнинг ўзида “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини молиялаштириши айтиладиган “Ал-Қард Ал-Ҳассан” молия марказининг 15 та филиалига ҳаво ҳужуми уюштирди. Якшанба куни берилган зарбаларнинг аксарияти Байрутнинг жанубий чеккасига қаратилган бўлиб, мазкур ҳудудда 11 та офис нишонга олинган. Қолган вайроначилик ҳаракатлари Баалбек, Бека водийси ва мамлакат жанубидаги Тирда содир этилган.
“Ал-Ҳадаҳ” телеканали маълумотларига кўра, мазкур молия институти Ливан Марказий Банкига тегишли бўлмаган. Унга кўра, “Ал-Қард Ал-Ҳассан” уюшмаси сўнгги йилларда истеъмолчиларга уч миллиард доллардан ортиқ кредитлар тақдим қилган ва унинг хизматларидан бир миллиондан ортиқ аҳоли фойдаланган. “Ал-Қадр Ал-Ҳассан”даги улушларнинг аксарият қисми мамлакатда фаолият юритадиган Шиа гуруҳи, яъни “Ҳизбуллоҳ”га тегишли экани айтилади. Ушбу молия маркази бутун Ливан бўйлаб 30 дан ортиқ филиалларга эга.
Исроил кучлари матбуот хизматига кўра, “Ал-Қард Ал-Ҳассан” “Ҳизбуллоҳ” фаолиятини, шу жумладан қурол сотиб олиш ва гуруҳнинг ҳарбий қанотидаги тезкор ходимларга тўловларни бевосита молиялаштирадиган уюшма бўлиб хизмат қилган.
ЦАХАЛ томонидан тунда Байрутдаги “Ал-Қард Ал-Ҳассан” молия-кредит уюшмасининг биноларига йўлланган зарбаларни Исроил Ташқи ишлар вазири Исроил Кац ҳам тасдиқлади.
“Байрут аланга ичида. Кеча Исроилнинг кенг кўламли ҳужуми “Ҳизбуллоҳ”нинг Байрутдаги ва Ливан бўйлаб молиявий инфратузилмасини нишонга олди. Бу “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроил шимолига қилган тажовузларига жавобан берилган қасос зарбасидир”, дейди Ташқи ишлар вазири.
Эслатиб ўтамиз, айнан 20 октябрь куни Исроил ҳарбийлари бульдозери атайин Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) позициясидаги кузатув минораси ва периметрдаги тўсиқларини бузиб ташлаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь