Исроил “Ҳизбуллоҳ” қўмондонини ўлдирди
Олам
−
21 Сентябрь
7596Кеча, 20 сентябрь куни Исроил мудофаа кучлари Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг таянчи ҳисобланган Байрутнинг Даҳия маҳалласига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида гуруҳнинг асосий етакчиларидан бири Иброҳим Оқил ва яна 10 га яқин юқори мартабали қўмондон ҳалок бўлди. Бу ҳақда ЦАХАЛ вакили Даниэль Ҳагарий маълум қилди.
Иброҳим Оқил “Ҳизбуллоҳ” асосчиларидан бири бўлиб, ташкилотнинг ҳарбий қанотида айниқса фаол бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, Оқил ҳаракатнинг операциялар бўлимига раҳбарлик қилган ва “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий қаноти бош штаб бошлиғи бўлиши кутилган. Қўшма Штатлар Оқилнинг бошига 7 миллион доллар мукофот қўйди. Исроил уни 1990 йилларнинг бошидаёқ йўқ қилишга уриниб кўрди.
Байрутдан олинган хабарларга кўра, Оқил “Ҳизбуллоҳ” қўллаган алоқа воситаларининг портлаши оқибатида яраланганидан кейин кечагина шифохонадан чиқарилган. Бу ҳужум ҳам Исроилга тегишли эди.
“Ҳизбуллоҳ” раҳбарияти ҳам Исроилнинг Байрут жанубий чеккасига ракета ҳужуми чоғида унинг қўмондони Иброҳим Оқил ҳалок бўлганини тасдиқлади.
“Биз ҳарбий бошлиқ Иброҳим Оқил Қуддус учун жангда шаҳид бўлганини тасдиқлаймиз, бу шаҳарни озод қилиш унинг энг катта орзуси эди”, дейилади “Ҳизбуллоҳ” баёнотида.
MTV хабар беришича, ҳарбий етакчи билан бирга “Ҳизбуллоҳ”нинг “Радван” элита бўлинмасининг камида олти қўмондони ҳалок бўлган. Уларнинг барчаси Оқил томонидан ўтказилган тезкор штаб йиғилишида иштирок этган.
“Axios” манбасига кўра эса зарба оқибатида “Радван” отрядининг 20 га яқин қўмондони ҳалок бўлган.
Порталга иқтибос келтирган исроиллик расмий манбанинг тасдиқланишича, яҳудий давлати раҳбарияти Қўшма Штатларни Байрутга зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида олдиндан хабардор қилмаган, аммо бу амалга оширилганлиги ҳақида “дарҳол Америка расмийларини хабардор қилган”.
Аввалроқ Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби журналистлар учун онлайн-брифингда Исроил Байрутга зарба бериш нияти ҳақида АҚШни олдиндан хабардор қилмаганини маълум қилганди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳужуми қурбонлари сони 14 кишига етган, 66 киши яраланган, яна 17 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҳарбий қанотининг бир неча қўмондони ўлдирилганидан сўнг қисқача баёнот бериб, унинг мамлакатининг ҳаракатлари ўз-ўзидан далолат беришини айтди.
“Мақсадларимиз аниқ. Бизнинг ҳаракатларимиз ўз-ўзидан гапиради”, дейди Нетаньяху.
Ҳукумат раҳбари батафсилроқ изоҳ беришдан ўзини тийди.