Исроил ҲАМАС етакчисининг манзили топилганини даъво қилди
Олам
−
09 Январь
5736Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) ҲАМАС етакчиси Яҳё Синварнинг Ғазо секторида яширинган жойини аниқлагани, бироқ унинг гаровдагиларни тирик қалқон сифатида қўллаши мумкинлиги сабабли ҳарбийлар ҳужум қилмаётганини даъво қилмоқда. Бу ҳақда “The Times of Israel” газетаси хабар берди.
“Исроил Синварнинг аниқ манзилини билган кўринади. Бироқ у ўзини кўп сонли исроиллик гаровга олганлар билан ўраб олган, бу эса унга зарба беришга тўсқинлик қилади”, деб ёзган нашр.
Исроил ҳарбий разведкасининг собиқ раҳбари Амос Ядлин ҳам Кан давлат телерадиокомпанияси эфирида худди шундай баёнот билан чиққан. Шунга қарамай, бу каби ахборотлар Исроилнинг навбатдаги ҳийласи ҳам бўлиши мумкин.
Қайд этиш жоизки, ўтган йилнинг декабрь ойида ЦАХАЛ Ғазо секторининг шимолий қисмида Синварнинг бошпаналаридан бирига уланган туннеллар тармоғи топилгани ва йўқ қилинганини эълон қилганди. Тахминан 20 м чуқурликда жойлашган бункерда бошпана, намозхона ва дам олиш хоналари мавжуд бўлгани айтилган. Қайд этилишича, туннель электр тармоғи, вентиляция ва канализация инфратузилмаси билан жиҳозланган, бу унинг ичида қолиш ва узоқ вақт жанговар ҳаракатлар учун фойдаланиш имконини берган.
Маълумот учун, 1989 йилда Синвар Исроилда икки исроиллик аскар ва тўртта фаластинликни ўғирлаш ва ўлдиришни режалаштирганликда айбланиб, тўртта умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. 22 йилдан сўнг у асирга олинган исроиллик аскарни қайтариш бўйича тузилган келишув доирасида озод қилинган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда ЦАХАЛ Яҳё Синварнинг қаерда экани ҳақидаги маълумот учун 400 минг доллар мукофот пули эълон қилганди.
LiveБарчаси