Исроил ҲАМАС етакчисининг “локация”си учун катта мукофот эълон қилди – ОАВ
Олам
−
15 Декабрь 2023
8340Исроил мудофаа кучлари ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиси Яҳё Синварнинг қаерда экани ҳақидаги маълумот учун 400 минг доллар мукофот пули таклиф қилади. Бу ҳақда “The Times of Israel” газетаси хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда шу ҳақдаги варақаларнинг фотосуратлари эълон қилинди. Қайд этилишича, нашр уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлай олмади. Бироқ, варақаларда телефон рақами, тегишли маълумотларни махфий равишда тақдим этиш мумкин бўлган Telegram-манзил келтирилган.
Варақада, шунингдек, ҳаракатнинг жанубий бригадасига раҳбарлик қилаётган, ҲАМАС етакчисининг укаси Муҳаммад Синвар ҳақидаги маълумот учун 300 минг доллар мукофот пули ҳам кўрсатилган. Бундан ташқари, мукофот таклиф этилаётган шахслар рўйхатига Хон Юнус шаҳридаги ҲАМАС батальони қўмондони Рафа Саламе (200 минг доллар) ва ҳаракатнинг ҳарбий қанотининг яна бир етакчиси Муҳаммад ад-Деиф (100 минг доллар) ҳам киритилган.
Маълумотларга кўра, Исроил бир неча йиллардан бери Саламени қидиради. 2021 йилда ЦАХАЛ унинг Ғазодаги уйини ракета зарбаси билан вайрон қилган.
Ад-Деифни эса Исроил разведка хизматлари 25 йилдан ортиқ вақтдан бери қидирмоқда. Газетанинг ёзишича, у бир нечта терактларни режалаштириш ва амалга оширишда гумон қилинмоқда.
"Исроил бир неча йил давомида ад-Деифни ўлдиришга камида етти марта уринди. Биринчи уриниш 2001 йилда бўлиб ўтган, иккинчи уриниш эса 2002 йилда содир бўлган ва у бир йилдан сўнг учинчи уринишда ҳам омон қола олган. 2006 йилда у портлашда оғир яраланган, бироқ иккала оёғи ва қўлидан айрилган ҳолда тирик қолган. 2014 йилда ўша йили бўлиб ўтган Ғазо уруши пайтида Исроил яна ад-Деифни йўқ қилишга уриниб кўрди, бироқ қўлидан келмади, унинг ўрнига хотини, янги туғилган ўғли ва уч ёшли қизи ўлдирилди”, деб ёзади “The Times of Israel”.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “The Wall Street Journal” Исроил разведка хизматлари Ғазодаги операция якунланганидан сўнг бутун дунё бўйлаб ҲАМАС етакчиларини кузатиб бориш ва йўқ қилишга тайёрланаётганини хабар қилганди.