Испаниядаги тунги клубда содир бўлган ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
02 Октябрь 2023
5061Испания жануби-шарқидаги Мурсия шаҳридаги тунги клубда юз берган ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Аталайас туманида жойлашган машҳур Teatre тунги клубида ёнғин маҳаллий вақт билан эрталаб соат 6:00 лар атрофида содир бўлган.
Маҳаллий матбуот ҳалок бўлганлар орасида бир оиланинг бир неча аъзоси борлиги, ўша пайтда улар туғилган кун тадбирини ўтказаётганини маълум қилган.
Полиция камида 14 киши бедарак йўқолганини билдирган, шунинг учун ўлимлар сони ортиши эҳтимоли юқори.
Мурcия мэри Хосе Бальеста журналистларга ёнғин клубнинг иккинчи қаватида чиққанини айтган. Шунингдек, у шаҳарда уч кунлик мотам эълон қилган.
Тўрт нафар жабрланувчи ис газидан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган.
Бу мамлакатдаги тунги клубларда сўнгги 30 йилдан ортиқ вақт давомида содир бўлган энг даҳшатли ёнғиндир. 1990 йилда Сарагосадаги тунги клубнинг ёниши оқибатида 43 киши ҳалок бўлган эди.