Испанияда қонуний муҳожирлар овоз бера оладими?
Олам
−
18 Февраль 230 2 дақиқа
Испания ҳукуматининг 500 мингга яқин ҳужжатсиз муҳожирни қонунийлаштириш қарори ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлди. Айрим постларда уларга автоматик тарзда овоз бериш ҳуқуқи берилиши, ҳатто тезлаштирилган тартибда фуқаролик олиши ҳақида даъволар тарқалди, аммо амалда вазият бошқача. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Қарор жорий йилнинг апрель ойидан кучга кириши кутилмоқда. У камида 2025 йил декабригача Испанияда яшаган ёки бошпана сўраган, жиноий ўтмишга эга бўлмаган шахсларга бир йиллик яшаш ва ишлаш рухсатини беради. Бу – фуқаролик эмас.
Испания қонунчилигига кўра, миллий ва автоном ҳудудий сайловларда фақат Испания фуқаролари овоз бера олади. Европа парламент сайловларида эса мамлакатда яшовчи ЕИ фуқаролари иштирок этиши мумкин. Маҳаллий сайловларда айрим ЕИга кирмайдиган давлат фуқароларига ўзаро келишув асосида чекланган ҳуқуқ берилади, холос.
Шунингдек, “икки йилда фуқаролик берилиши” ҳақидаги иддаолар ҳам тўлиқ ҳақиқат эмас. Бундай имтиёз фақат айрим мамлакатлар – Португалия, Филиппин, Андорра, Экваториал Гвинея ва кўпчилик Лотин Америка давлатлари фуқароларига тааллуқли. Қолганлар учун одатда 10 йиллик қонуний яшаш талаб этилади (қочқинлар учун 5 йил). Ҳар қандай ҳолатда ҳам бир йиллик резиденция фуқаролик учун етарли эмас.
Хулоса қилиб айтганда, Испаниянинг янги қарори муҳожирларга қонуний мақом ва меҳнат қилиш ҳуқуқини беради, аммо сайловларда овоз бериш ёки автоматик фуқаролик имконини тақдим этмайди.
Эслатиб ўтамиз, 27 январь куни Испания ҳукумати мамлакат ҳудудида ноқонуний равишда яшаб келаётган 500 минг нафар муҳожирга бир йиллик қонуний яшаш ва ишлаш рухсатномаси беришини маълум қилганди.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль