Испания ЕИдан Исроилга чора кўришни сўради
Олам
−
23 Январь
4742Испания Ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес Европа Иттифоқини Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумларини тўхтатиш ва Фаластин давлатини тан олиш учун чора кўришга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 22 январь куни ЕИ Ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги йиғилиши олдидан матбуотга баёнот берди.
Вазирнинг айтишича, икки давлат қарори ва Фаластин давлатини тан олишни ҳақиқатга айлантириш вақти келган. У Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар билан ҳам Фаластин давлатини тан олиш, ҳам халқаро тинчлик конференциясини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бораётганини таъкидлади.
“Бутун дунё рози бўлмаслиги тайин, бу осон эмас, лекин бир нарса аниқ: барча европаликлар Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш истагида. Яқин Шарқнинг барча мамлакатларида тинчлик ва хавфсизлик, жумладан, дўст давлат сифатида Исроил ҳам Фаластин давлати барқарорлигига боғлиқ. Агар биз бу зўравонликнинг Яқин Шарқдаги охиргиси бўлишини хоҳласак, Фаластин халқига умид беришимиз керак. Биз минтақадаги барча давлатлар билан реал ва яшовчан Фаластин давлати ҳақида гаплашишимиз ва бу орзуни ушалишига ҳисса қўшишимиз жоиз”, дейди Альбарес.
Испания Ташқи ишлар вазири Европа Иттифоқи давлатларини “фаоллашишга” чақирар экан, эндиликда Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилда бирлашган ҳокимиятга эга, пойтахти Шарқий Қуддусда жойлашган ва Исроил томонидан тан олинган Фаластин давлатини яратиш чораларини кўриш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель Яқин Шарқдаги можарони тугатиш учун икки давлат асосидаги ечим зарурлигини айтганди.