Испания Бельгияни мағлуб этиб, ярим финалга чиқди
Спорт
−
02:04 8150 1 дақиқа
Бугун, 11 июль куни Испания миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати чорак финалида Бельгияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди.
Учрашув АҚШнинг Калифорния штати, Инглвуд шаҳрида бўлиб ўтди. Испания сафида дастлаб 30-дақиқада Фабиан Руис ҳисобни очишга эришди. 41-дақиқага келиб, Шарль Де Кетеларенинг голи орадаги мувозанатни тиклади ва Испания ушбу Жаҳон чемпионатида илк бор ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди. Дарвозабон Унаи Симоннинг мундиаллар тарихидаги рекорд даражадаги 649 дақиқалик гол ўтказмаслик серияси ҳам якунланди. Ўйин тақдирини 88-дақиқада захирадан майдонга тушган Микель Мерино голи ҳал қилди.
Шу тариқа, Испания ўз тарихида учинчи бор Жаҳон чемпионати ярим финалига чиқди. Жамоа 2010 йилги мундиалда чемпионликни қўлга киритган бўлса, 1950 йилги мусобақада тўртинчи ўринни эгаллаган.
Бельгиянинг Жаҳон чемпионатларидаги энг яхши натижаси эса 2018 йилги мусобақада қўлга киритилган бронза медаллари бўлиб қолмоқда.
Испания ярим финалда Франция терма жамоасига қарши баҳс олиб боради. Учрашув жорий йилнинг 14 июль куни бўлиб ўтади.
Live
Барчаси