Ислом Махачев билан жанг бир раунддан ўтмайди – Чарльз Оливейра
Спорт
−
27 Август 2022
16972Енгил вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони бразилиялик Чарльз Оливейра россиялик Ислом Махачев билан жангда 1-раунднинг ўзидаёқ ғалаба қозонишини айтди. Бу ҳақда “Ag.Fight” нашри хабар берди.
Шунингдек, бразилиялик жангчи унинг жамоаси Махачевга қарши жанг учун стратегия ишлаб чиқаётганини қўшимча қилди.
“Албатта, у мени йиқитишга ҳаракат қилади. Яъни, оёқлари орқали эмас, балки сонлари орқали бу ишни амалга оширишга уринади. Махачев мени ерга олиб, оёқларимни текислашга ҳаракат қилади. У мени бўйсундириш учун ўз йўлидан чиқмайди, тезроқ мени чарчатишга ҳаракат қилади. Лекин Махачев нимани кўрсатиши менга қизиқ эмас. Мен, Чарльз нима бериши мумкинлигидан хавотирдаман. Ишончим комилки, жанг биринчи раунддан нарига ўтмайди. Менинг жамоам жанг стратегияси устида ишламоқда ва мен доимо олдинга интиламан. Менинг қўлларимда оловдек кучи бор”, деган Оливейра.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган UFC 274 мусобақасидаги сўнгги жанги олдидан Оливейра ортиқча вазн муаммосига дуч келди ва шу сабабдан чемпионлик унвонидан маҳрум қилинди. Унинг рақиби америкалик Жастин Гетжи вазн лимитини бажарган бўлса-да, Оливейрани мағлуб қила олмади. Шу сабабли чемпионлик камари вакант қолганди.
Махачев эса узоқ давом этган ғалабали сериядан сўнг, чемпионлик унвонига даъвогар позициясига кўтарилди. UFC Fight Night 202 турниридаги сўнгги жангида Ислом америкалик Бобби Гринни биринчи раунддаёқ техник нокаут билан мағлуб этганди. Ислом ва Чарльз ўртасидаги жанг шу йилнинг 22 октябрь куни UFC 280 турнири доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтади.