Ислом Каримовни йиғлатган мактуб

Бу қизиқ 68392

2000 йил август ойида Ўзбекистоннинг жанубида Қуролли Кучлар қўшинлари ва мамлакат ҳудудига суқилиб кирган ЎИҲ халқаро террорчи ташкилоти жангарилар тўдаси ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Жангарилар узоқ истиқболдаги режаларини амалга оширишга киришиб, нафақат Ўзбекистон, балки фуқаролар уруши пайти Тожикистонда, шунингдек, Қирғизистон, Афғонистон ва Россияда бузғунчилик-қўпорувчилик ҳаракатларини содир этди.

Бундан 20 йил аввал – 2000 йилнинг 22 август куни воқеа жойига Олий Бош Қўмондон - Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шахсан ташриф буюриб, аскарлар ва офицерлар билан учрашган эди. 

Мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримов уларга мурожаат қилар экан, асосий масала аксилтеррор операциясини иложи борича тезроқ якунлаш эмас, балки шахсий таркибни имкон қадар сақлаб қолиш – “ҳар бир жангчининг ҳаёти Ватан учун зарур” эканлигини таъкидлаганди. Суҳбатда, шунингдек, Ислом Каримов ҳарбий хизматчиларнинг кайфияти, уларнинг моддий-техник жиҳозлари ва яшаш шароити билан қизиқди.

“Мен агар ёшроқ бўлсам, шуни очиқ айтаман, сизларнинг сафингизга келиб ўтирардим. Мен Президент сифатида эмас, отаси сифатида сизларга гапиряпман. Сизларнинг азиз ҳаётингиз менга керак, Ватанимизга керак. Ўзингизни асранг! Бизлар ўз заминимизда жангни олиб боряпмиз. Улар келгиндилар. Улар газандалар. Нима қилишимиз керак? Тор-мор қилишимиз керак! Шундай қилишимиз керакки, бирортаси қўлимиздан чиқиб кетмасин”, деган эди Каримов. 

Террористлар қисқа муддатда йўқ қилинди. Халқининг кўксига қалқон бўлиб турган сарҳад посбонлари уларнинг ғараз ниятларини янчиб ташлади. Душманни ер билан яксон қилдилар. Ўзбек аскарларининг куч-қудратини назарга илмаган бу ғаламислар чучварани хом санаганларини ҳам тушуниб улгирмади. 

Халқ бахтига Ўзбекистон аскарлари ғалаба қилди. Лекин, жанг йўқотишларсиз бўлмади. Қуролли тўқнашувда бир қанча мард ўғлонлар Ватан учун азиз жонларини фидо этдилар. Бу Ислом Каримов учун ҳам катта йўқотиш эди. Қурбонлар орасида Бобур Ғаниев ҳам бор эди. Фарзанд доғида қадди букилган Мунаввар опа Ислом Каримовга мактуб йўллади. Ислом Каримов бу мактубни Олий Мажлис сессиясида ўқиб эшиттирди. 

“Ўғлимга берган оқ сутимдан мингдан минг розиман. Унинг ёш умри зое кетмади. Ўғлим Ватани ва халқини ҳимоя қилиб, жон фидо этди”, деган эди онахон. Каримов ушбу мактубни кучли ҳаёжон ва кўзида ёш билан ўқиб эшиттирганди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2766
Рейтинг: 4
t
×