Ислом дунёси ўзидан кутилган нарсани бажара олмади – Эрдўған

Олам

image

Туркия ёлғиз қолса ҳам Фаластинни қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда бугун, 18 апрель куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулда Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича парламент гуруҳининг биринчи йиғилишида сўз очди.

“Фаластин муаммосини икки давлат ўртасида ҳал қилишнинг муқобили йўқ. Фаластин Фаластин халқига тегишли. Биз 1967 йилги чегараларда пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил, суверен Фаластин давлатини яратгунга қадар ёлғиз қолсак ҳам тинимсиз курашни давом эттирамиз”, деган Эрдўған.

Унинг сўзларига кўра, Ғазода халқаро тизим муваффақиятсизликка учраган.

“Халқаро ҳуқуқ адолат ўрнатиш эмас, балки кучлилар ҳокимиятини мустаҳкамлаш воситасига айланди. Ачиниш ва кўзда ёш билан шуни маълум қиламанки, афсуски, Ислом дунёси ҳам ундан кутилган нарсани бажара олмади”, деган Туркия раҳбари.

Эрдўған, шунингдек, Исроилни Сурия ва Ливандаги вазиятни барқарорлаштиришга тўсқинлик қилишда айблаган.

“Сурия ва Ливанга берилган зарбалар Нетаньяху маъмурияти Яқин Шарқда тинчлик ва осойишталик бўлишини истамаслигини кўрсатади. Минтақа давлатларига таҳдид солаётган бу телбаликка имкон қадар тезроқ чек қўйиш керак, акс ҳолда олов уни ёққанларни тез орада куйдиради”, дея қўшимча қилган Эрдўған.

У эртами-кечми Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторидаги “геноцид учун халқаро суд олдида жавоб беришига” умид билдирган.

Туркия Президенти унинг мамлакати 2024 йилда Исроил билан савдони бутунлай тўхтатгани ва Фаластинга гуманитар ёрдам кўрсатишни кучайтирганини эслатган.

“Биз фаластинлик биродарларимизга гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттирдик. Минтақанинг қардош давлатлари кўмагида Ғазога 101 минг тоннадан ортиқ гуманитар юк етказиб бердик”, деган Эрдўған.

Маълумот учун, Истанбулда Туркия ташаббуси билан ташкил этилган Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича парламент гуруҳининг биринчи йиғилишида 13 давлат, жумладан, Фаластин, Қатар, БАА, Покистон, Малайзия, Индонезия, Сенегал, Иордания, Баҳрайн парламентлари спикерлари иштирок этган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Фаластин маъмуриятига 1,6 миллиард евро (1,8 миллиард доллар) миқдоридаги уч йиллик молиявий ёрдамни ошириши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Фаластин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг