“Ишлаган – тишлайди”. Қўшимча ишлаган ўқитувчиларга тўланадиган устамалар маълум бўлди
Жамият
−
27 Апрель 2023
9529Ўзбекистон умумтаълим муассасалари ўқитувчилари ва ходимларига қўшимча педагогик фаолият учун тўланадиган устамалар маълум қилинди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилган брифингида айтиб ўтилди.
Қуйида ўқитувчиларнинг қўшимча педагогик фаолияти учун бериладиган устамалар билан танишишингиз мумкин:
- синфдаги ўқувчилар сонига кўра синф раҳбарлиги учун – меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,4 фоизидан 52,8 фоизигача;
- дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун – меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 8,8 фоизидан – 17,6 фоизигача;
- информатика кабинети мудирлиги учун – меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 17,6 фоизи;
- Тошкент ислом университетини битирган педагог ходимларга – лавозим маошининг 20 фоизи қўшимча маош берилади.
Бошқа ҳудудлардан жалб қилинган педагоглар учун:
- таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган, олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчиларга – базавий тариф ставкаларига нисбатан 50 фоиз;
- бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчиларга – базавий тариф ставкаларига нисбатан 100 фоиз;
- олис ҳудудларда жойлашган мактабларда бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларга – иш стажидан келиб чиқиб базавий тариф ставкаларига 10 фоизидан 50 фоизигача;
- табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимларга – иш ҳақи суммасининг 10 фоизидан 60 фоизигача (бунда ходимнинг лавозим маоши меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,4 баравари миқдоридан ортиқ бўлса, меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,4 бараварига нисбатан) тўланади.
Қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактабларида жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳамда спорт устози бўлиб ишлаётган аёл ўқитувчиларга – базавий тариф ставкасига нисбатан 15 фоиз, шунингдек, жорий йилдан бошлаб Вазир жамғармаси маблағлари ҳисобидан тегишли танлов жараёнларидан ўтган ўқитувчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида устама белгиланган.