ИШИД жангарилари Марказий Осиё давлатлари чегарасига яқин жойда тўпланган – Медведев
Олам
−
11 Сентябрь 2021
28694Россия разведка хизматларига кўра, Афғонистонда, шу жумладан унинг Марказий Осиё билан чегарадош вилоятларида ўн минглаб ИШИД жангарилари бор. Бу ҳақда РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг “Газета” интернет-нашрида чоп этилган мақоласида сўз боради.
“Махфий хизматлар маълумотларига кўра, ҳозирда минтақада ўн минглаб ИШИД жангчилари ва уларнинг издошлари бор. Уларнинг катта қисми Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош шимолий ва шарқий вилоятларда тўпланган. ИШИД раҳбарияти бутун минтақада ўз таъсирини кенгайтириш режаларини эълон қилди”, дейилади Медведевнинг Нью-Йоркда 11 сентябрь куни амалга оширилган террорчилик ҳаракатларининг 20 йиллиги муносабати билан чоп этилган мақоласида.
Медведевнинг сўзларига кўра, АҚШ Афғонистондаги деярли 20 йиллик операцияси давомида Суриядан Афғонистонга оммавий равишда кўчиб ўтган ИШИД жангариларига қарши туриш учун ҳеч нарса қила олмаган. АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиши эса Осиё, Африка, Яқин Шарқ ва Европага катта хавф туғдираётган террорчилик ташкилотининг фаоллигини оширишга хизмат қилган, холос.
Мақолада қайд этилишича, америкаликлар 11 сентябрь ҳужумларидан кейин АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Жорж Буш эълон қилган асосий мақсад – Афғонистонда терроризмни енгишга эриша олмаган.
“АҚШнинг кўплаб нотўғри ҳисоб-китоблари туфайли, жумладан Яқин Шарқ сиёсатида, террорчилар мамлакатда ўз фаолиятини давом эттирмоқда”, дейди Медведев.
Мақолада гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш Афғонистоннинг ҳал қилинмаган муаммолари қаторидан ўрин олгани айтилади. Мамлакатда гиёҳванд моддалар саноатининг чўққига чиқиши АҚШ ва НАТОнинг Афғонистонда бўлиб турган даврига тўғри келади.
Қайд этилишича, сўнгги 20 йил ичида гиёҳванд моддаларини ишлаб чиқариш ҳажми 2001 йилга нисбатан 17 баравардан 40 бараварга ошган. Ҳозирги кунда дунёда ишлаб чиқарилаётган наркотик моддаларнинг 85 фоизи Афғонистон ҳисобига тўғри келади.
LiveБарчаси