Ишдан олинган Нишон ҳокими Муборакга раҳбар бўлди
Жамият
−
31 Октябрь 2023
9636Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани ҳокими вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 31 октябрь куни Мухтор Қўлдошевич Ҳайитмуродов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Нишон тумани ҳокими лавозимидан озод этилган.
Қарши тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Ҳайитмуродов бугуннинг ўзида халқ депутатлари Муборак тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Муборак тумани ҳокими лавозимига тасдиқланган.
Мухтор Ҳайитмуродов 1970 йилда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилган. Маълумоти – олий. У Тошкент давлат аграр университети ва Банк-молия академиясини тамомлаган.
Шунингдек, бугун, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига ҳам янги ҳоким тайинланган.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев қатнашган халқ депутатлари Сайхунобод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Анвар Расулович Каримов Сайхунобод тумани ҳокими лавозимига тайинланган.
Шу кунга қадар Сайхунобод ҳокими сифатида ишлаб келаётган Фаррух Ўктамжонов эса бошқа ишга ўтаётганлиги сабабли ўз лавозимидан озод этилган.
Анвар Каримов шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.