Избосканда маст ўғил ота-онасини шафқатсизларча ўлдирди – Бош прокуратура
Жамият
−
22 Февраль 2020
19735Ўзбекистонда жиноятчиликка қарши профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмагани оқибатида 51 та туман ва шаҳарларда қотиллик жинояти кўпайган. Бу ҳақда бугун, 22 февраль куни Бош прокуратурада ўтган Жиноятчиликка қарши кураш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.
Унда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг қайд этишича, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш фаолиятида кузатилаётган айрим камчилик ва нуқсонлар соҳадаги ислоҳотларга соя солмоқда.
2019 йилда жиноятлар сони Бухоро, Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида юқорилигича қолган.
Қотиллик жинояти Тошкент, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида, оғир шикаст етказиш Қашқадарёда, номусга тегиш Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий ва Қашқадарёда, босқинчилик Сирдарё, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида сезиларли ошган.
Йиғилишда қотиллик жинояти аксарият ҳолларда оила – турмуш ва оддий маиший муносабатлар замирида келиб чиққани, қариндош уруғлар ёки қўни-қўшнилар ўртасидаги низо ва келишмовчиликлар тўлиқ бартараф этилмаётгани, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Ушбу жиноятларнинг 28 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғиллар ўртасида юз берган.
Мисол учун, Избоскан туманида бирон жойда ишламайдиган, ичкиликка ружу қўйган К. уйида маст ҳолда ногирон отаси ва онаси билан жанжаллашиб, уларни шавқатсизларча ўлдирган.
Самарқанд шаҳрида Ю. эса отаси маст ҳолда унинг ўғлини сўкканлиги учун уни арзимаган жанжал оқибатида пичоқлаб, ўлдирган.
Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда мамлакатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигига доир масалалар муҳокама қилинди.
LiveБарчаси