Ироқ Туркиядан узр сўрашни талаб қиляпти

Олам

image

Кеча, 8 апрель куни Ироқ ҳукумати Туркияни мамлакат шимолидаги Сулаймония аэропортига уюштирилган ҳужум учун узр сўрашга чақириб, Анқара Ироқ ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши кераклигини айтди. Бу ҳақда Ироқ Президенти расмий веб-сайтида эълон қилинган баёнотда сўз борди.

“Туркиянинг Ироқ тупроғида унга душман бўлган кучлар борлиги баҳонасида тинч аҳолини қўрқитишни давом эттириш учун ҳеч қандай қонуний асос йўқ. Шу муносабат билан Туркия ҳукуматини масъулиятни ўз зиммасига олишга ва расмий узр сўрашга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

Маҳаллий ҳокимият вакили Лавк Ғафурийнинг айтишича, 7 апрель куни Сулаймония аэропорти яқинида дрон ҳужуми содир бўлган, аммо бундан ҳеч қандай зарар кўрилмаган, кечикишлар ёки парвозлар тўхтатилиши ҳам бўлмаган.

Туркия Мудофаа вазирлиги расмийси эса 7 апрель куни Туркия Қуролли кучларининг бу ҳудудда ҳеч қандай операция ўтказмаганини айтган.

8 апрель куни АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия Демократик кучлари (СДК/PYD) берган баёнотда эса ҳужум вақтида унинг бошлиғи Мазлум Абди аэропортда бўлгани, аммо зарар кўрмагани маълум қилинган.

Туркия Суриядаги курдлар бошчилигидаги кучларни террорчилар ва миллий хавфсизликка таҳдид деб ҳисобласа, Қўшма Штатлар СДКни ИШИДни Суриянинг кенг ҳудудларидан ҳайдаб чиқаришга ёрдам берган иттифоқчи деб билади.

Туркия бир неча ўн йиллар давомида Ироқ ва Сурия шимолида Сурия курдларининг жангарилари, ИШИД ва ноқонуний Курдистон Ишчилар партияси (КИП/PKK)га қарши ҳаво ҳужумларини ўтказиб келади. 1984 йилдан бери Туркия давлатига қарши қўзғолонга раҳбарлик қилган ноқонуний КИП Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида кўрилади.

Эластиб ўтамиз, олдинроқ Туркия Сулаймонияда КИП террорчилик ташкилоти фаолияти фаоллашгани сабабли шаҳар билан ҳаво алоқаларини узгани маълум бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ироқ Сулаймония аэропорти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг