Ироқ Эрон ва Туркия билан чегарага 6000 дан ортиқ аскар жойлаштирди
Олам
−
15 Январь 2023
8550Ироқ яқинда Эрон ва Туркия билан чегарада Ички ишлар вазирлиги кучларидан 6000 дан ортиқ ҳарбий хизматчини жойлаштирган. Бу ҳақда Ироқ Ички ишлар вазирлиги раҳбари Абдул Амир ал-Шаммарий маълум қилди.
“Биз Эрон ва Туркия билан чегарадаги Ироқ Курдистонига 6000 дан ортиқ аскарни жойлаштирдик. Ироқ чегаралари “қизил чизиқ” ва биз унинг хавфсизлигини таъминлаш учун ҳеч нарсадан тўхтамаймиз”, дейди вазир “Al Hadath” телеканалига берган интервьюсида. .
Ал-Шаммарийнинг қўшимча қилишича, яқинда Сурия билан чегарада 650 км узунликдаги девор ўрнатилган, Ироқ чегаралари яхлитлигини таъминлаш учун замонавий ускуналар ҳам харид қилинган. Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, турк томони билан келишилган ҳолда уларда чегара қўриқлаш постларини қуриш учун 17 та майдон аниқланган.
ИШИД террорчилик гуруҳи қолдиқларига қарши кураш масаласига келсак, ал-Шаммарий бу борада “қўшни давлатлар билан доимий мувофиқлаштириш ўрнатилгани ва бу юқори даражада сақланиб қолаётганини” таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, халқаро аксилтеррор коалиция ҳам “мамлакат чегара қўшинлари қўмондонлиги билан маълумот алмашмоқда”.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ироқ ҳукумати ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши Туркия ва Эрон томонидан Ироқ Курдистонини оммавий бомбардимон қилганидан сўнг икки қўшни давлат билан чегараларни ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўришга қарор қилди. Декабрь ойи бошида Ироқ Бош вазири Муҳаммад ас-Судани икки давлат Қуролли кучлари ва курд тузилмалари ўртасидаги можароларга барҳам бериш учун чегарачиларга Туркия ва Эрон билан чегарада “нол чизиқни ушлаб туриш”ни буюрган эди. Анқара Ироқ шимолида алоҳида ҳарбийлаштирилган бўлинмалари жойлашган Курдистон ишчилар партияси (террорчилик ташкилоти)ни миллий хавфсизликка таҳдид солаётган асосий кучлардан бири деб билади. Теҳроннинг даъво қилишича, курд тузилмалари Эрондаги вазиятни беқарорлаштирмоқда.