Ироқ Эрон устидан БМТга арз қилди
Олам
−
17 Январь
5269Ироқ ҳукумати Эрбил шаҳрига Эроннинг баллистик ракеталар орқали уюштирган ҳужуми юзасидан БМТ Хавфсизлик Кенгашига шикоят билан мурожаат қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
“Ироқ Эроннинг Эрбил шаҳрига бегуноҳ тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган, бир неча киши жароҳат олган, давлат ва хусусий мулкка зарар етказган ракета ҳужуми юзасидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва БМТга шикоят билан мурожаат қилди”, дейилади ТИВ хабарида.
Маҳаллий расмийларга кўра, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан Эрбилдаги аҳоли пунктларига отилган баллистик ракета ҳужумлари оқибатида тўрт нафар тинч фуқаро ҳалок бўлган ва яна олти киши жароҳатланган.
Эрон томони ҳужум нишонлари Суриядаги террор ташкилоти ИШИД объектлари ва Эрбилдаги Исроил ташқи разведка хизмати Моссад қароргоҳи бўлганини айтмоқда.
"Афсуски, мамлакатга ҳужумлар доимо асоссиз равишда амалга оширилган. Бу ҳужумлар Ироқ суверенитетини атайлаб бузишдир", дейди ироқлик расмийлар.
Эслатиб ўтамиз, Эрон ҳужуми давомида Эрбил шаҳридан 40 км шимоли-шарқда жойлашган АҚШ консуллиги яқинида бир неча портлаш содир бўлганди. Шундан сўнг, Ироқ ТИВ мамлакатнинг Эрондаги элчиси Носир Абдул Моҳсенни маслаҳатлашувлар учун чақириб олганди.
LiveБарчаси