Ироқдаги қуролли гуруҳлар АҚШ ҳарбийларига қарши очиқ уруш эълон қилди

Олам 5478
image_2021-07-12_22-08-30

“Ироқ қаршилиги” деб номланган қуролли гуруҳлар АҚШ Қуролли кучлари билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга боришни рад этмоқда. Бундан ташқари, улар Ироқда Америка қўшинларининг бўлишига қарши қаратилган аниқ операциялар ўтказиш билан бирга АҚШга қарши “очиқ уруш” эълон қилди.Бу ҳақда бугун, 12 июль куни Ироқдаги ҳукуматпараст шиа тузилмаларининг бир қисми бўлган “Асаиб Аҳл ал-Ҳаққ”нинг тарқатган хабарида сўз боради.

“Қаршилик бўлинмалари сулҳ тугаганини эълон қилмоқда ва америкаликларнинг Ироқдаги манфаатларига қарши махсус операцияларни ўтказишни бошламоқда. Истилочилар билан ўртада сулҳ бўлиши мумкин эмас, улар Ироқдан кетгунга қадар америкаликлар билан очиқ уруш олиб борамиз”, дея хабар беради маҳаллий “SHAFAQ News” портали.

Ҳисоботда, шунингдек, “мамлакатда баъзи сиёсий блоклар ўзларининг шахсий манфаатларини миллий манфаатлардан устун қўйиб, Американинг таъсир доирасига тушиб қолгани” таъкидланган. Шунинг учун “Асаиб Аҳл ал-Ҳаққ” каби ҳарбийлаштирилган гуруҳлар парламентнинг “Хорижий қўшинларни Ироқ ҳудудидан чиқариш бўйича” қарорини бажариш йўлларини излайди.

Аввалроқ, бир қатор ҳарбийлаштирилган шиалар тузилмалари, жумладан, эронпараст “Катаиб Ҳизбуллоҳ” гуруҳи, парламент томонидан қабул қилинган қарорга биноан АҚШ қўшинлари Ироқдан чиқиб кетмаса, уларга зарба бериш билан бир неча бор таҳдид қилган. Парламент қарори Ислом инқилоби посбонлари корпусининг “Ал-Қудс” махсус кучлари қўмондони (Эрон Қуролли кучларининг генерали) Қосим Сулаймоний вафотидан кейин республика қонун чиқарувчилари томонидан маъқулланган.

Маълумот ўрнида, қаттиқ қўриқланадиган Америка элчихонаси ва бошқа мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари жойлашган “яшил ҳудуд” ўтган ойлар давомида бир неча бор ракета ҳужумларига учради. Шу каби ҳужумлар хорижий контингентлар жойлашган Ироқ ҳарбий иншоотларига қарши амалга оширилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 5 январда Араб Республикаси парламенти барча хорижий кучлар Ироқни тарк этишини талаб қилувчи резолюция қабул қилди. Жорий йилнинг март ойи ўрталарида мамлакат Президенти Барҳам Солиҳнинг аниқлик киритишича, мамлакатда Америка қўшинларининг сони 2 500 кишидан ошмайди. Апрель ойида Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Казимий миллий армия ва хавфсизлик кучларининг жанговар тайёргарлиги ҳамда террорчиларга қарши курашдаги ютуқлари 60 фоиз хорижий ҳарбий контингентнинг мамлакатни тарк этишига имкон беришини маълум қилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 177
Рейтинг: 2.8
t
×