Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратилади
Жамият
−
03 Июнь 2019
3764Ҳукумат қарори билан Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинди.
Низомга мувофиқ, инвесторларнинг меҳмонхоналари 3 юлдузли тоифага кирса ва хоналари 50 тадан кам бўлмаса ёки 4 юлдузли ва 100 та хонадан кам бўлмаса Давлат бюджетидан субсидия берилади.
Субсидия бир марта қуйидаги миқдорларда берилади:
• 3 юлдузли меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 40 млн сўм;
• 4 юлдузли меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонасига 65 млн сўм.
Нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланиш бўйича франчайзинг шартномасини тузган тадбиркорлар шартнома кучга кирган вақтдан 3 йил давомида ҳар йили бир марта Давлат бюджетидан молиялаштирилади.
Ташкилотларни молиялаштириш қуйидаги миқдорда амалга оширилади:
• 3 юлдузли дастлабки 50 та меҳмонхонанинг битта хонаси учун – 200 доллар;
• 4 юлдузли дастлабки 30 та меҳмонхонанинг битта хонаси учун – 400 доллар.
Субсидия ажратиш ва молиялаштириш учун тадбиркорлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига мурожаат қилиши лозим.
LiveБарчаси