Интерпол қидираётган ўзбекистоликлар Грузияда ушланди
3-саҳифа
−
29 Декабрь 2025 8662 1 дақиқа
Грузиянинг Тбилиси шаҳри аэропортида мамлакат ваколатли органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерпол Миллий марказий бюроси вакилларига йирик миқдордаги фирибгарлик ва одам савдоси жиноятларини содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган икки нафар шахс топширилди. Бу ҳақда вазирликнинг ижтимоий тармоқларида хабар берилди.
Интерпол каналларидан самарали фойдаланиш натижасида қидирувда бўлган шахсларнинг трансчегаравий ҳаракатлари аниқланиб, улар Грузия ҳудудида қўлга олинган.
Кейинчалик, кўп қиррали ишлар ва йўлга қўйилган икки томонлама ҳамкорлик натижасида Интерполнинг халқаро майдонларида бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар чоғида Тошкент ва Тбилиси Миллий марказий бюролари ўртасида қидирувдаги шахсларни Ўзбекистон томонига топширишга келишиб олинган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг қўллаб-қувватлаши ва илтимосига кўра, тергов материаллари асосида Грузия Адлия вазирлиги томонидан қидирувдаги шахсларни экстрадиция қилиш тўғрисидаги сўров қаноатлантирилган ва улар Тошкентга олиб келиниб, Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда жиноий хатти-ҳаракатлар содир этганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш учун ИИБ ходимларига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ҳамда Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ўзаро ҳамкорлигидаги саъй-ҳаракатлари натижасида оғир турдаги жиноятни содир этган шахс Польшада қўлга олинганди.