Интернетда “қаҳрамон”га айландим – Ҳоким ўзи мадҳ этилган қўшиққа муносабат билдирди

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимовнинг таваллуд куни муносабати билан уни алқаб қўшиқ айтилгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 16 июнь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги ушбу қўшиқ ва унга ишланган клипга расмий муносабат билдирди.

Унда айтилишича, Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов туғилган сана – 15 июнь куни шаҳар маданият бўлими вакиллари ҳамда бошқа маҳаллий хонандалар қўшиқ ижро этиб, раҳбарга беришган. Аммо унинг тарқатилиши ҳокимлик Матбуот хизматининг шахсий ташаббуси бўлган.

“Мазкур қўшиққа шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ва маданият бўлими биргаликда ҳудудда турли даврларда амалга оширилаётган ишларга оид видеолавҳаларни қўшиб, ролик шаклида Нурафшон шаҳри ҳокимлигининг Telegram`даги расмий каналида эълон қилишган.

Ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, раҳбарга хуш ёқиш истагида тайёрланган, шахсга сиғиниш аломатлари яққол сезилиб турган бундай қўшиқни ижро этган, ролик тайёрлаган ва чоп этган “ижодий жамоа” тегишли тартибда огоҳлантирилди. Вазият кенг миқёсда муҳокама қилина бошлангач, давлат хизматчиси шаънига, нуфузига тўғри келмайдиган иш қилганини англаган шаҳар маданият бўлими, ахборот хизмати раҳбари ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. 

Айни пайтда меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда, карантин даври учун Республика комиссияси эълон қилган меъёрлардан келиб чиқиб, бу ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки бошқа интизомий жазо белгилаш бўйича якуний қарорга келинмоқда.

Алоҳида таъкидлаймизки, Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимовнинг бундай ижодкорона "туҳфа" тайёрланаётганидан хабари бўлмаган. Фақат таваллуд топган кунида роликни тайёрлаган жамоа унинг олдига кириб кўрсатишган. Қаҳрамон Ҳакимов уларга эътибор учун миннатдорлик билдириб, бундай ишлар билан шуғулланмасликни, материални бирон жойда чоп этмасликни сўраган”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Қайд этилишича, қўшиқ айтиш ва унга клип суратга олиш ғояси муаллифи ижтимоий тармоқларда айтилганидек Фотима Тўхтаназарова эмас. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди.

“Бундай тартида табриклаш фикри дастлаб шаҳар маданият бўлими раҳбари Бобур Абдуқодиров томонидан билдирилган, шоир Маъмуржон Бозоралиев сўз ёзиб берган, ахборот хизмати раҳбари Равшан Мирзақулов турли даврларда олинган архив кадрларни қўшиб клип суратга олган. Қўйингчи, бир гуруҳ фаоллар яхши ниятда,   бажараётган ишлари санъат нуқтаи назаридан, шунингдек, ахборот сиёсати, этикага кўра, мутлақо нотўғри эканини чуқур англамасдан шу ишга қўл уришган”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Вилоят ҳокимлиги ўз муносабатига Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимовнинг қўшиқ ва клипга муносабатини келтирган.

“Кеча ва бугун интернетда бундай қўштирноқ ичидаги “қаҳрамон”га айланиб қолганимдан халқимиз, журналистларимиз ва раҳбарият олдида ниҳоятда хижолатдаман. Шундай лавҳа тайёрлаб, менга кўрсатишганда, эътибор учун уларга миннатдорлик билдириб, лавҳани тарқатмасликни, бошқа бунақа ишлар билан шуғуланмасликни қатъий тайинлаган эдим. Афсуски, лавҳа тарқалиб кетибди.

Дангалини айтганда, менга шу керак эдими? Мутлақо йўқ. Мен бир ижрочиман, холос. Тўғри, Нурафшонда катта ишлар бўлаётгани рост. Лекин, уларни менинг номим билан боғлашларига мутлақо қаршиман. Мен бу лавозимда амалдаги қонунларимиз, давлат раҳбари берган топшириқ ва вазифалар ижроси билан шуғулланаман. Афсуски, кимлардир менинг туғилган кунимга совға тайёрлайман деб, ўзиниям, мениям жамоатчилик олдида ноқулай алпозга солиб қўйди...

Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларни ўқиш ниҳоятда ёқимсиз бўлаяпти. Заррача шу ишга алоқам бўлганда ҳам бунчалик куйинмас эдим. Мени энг ҳайрон қолдираётгани, танимаган, умрида бир мартаям кўрмаган одамлар томонидан билдирилаётган фикрлардир. Шундай одамларга айтаманки, ўзингиз истаган пайтда Нурафшонга келинг, ҳамиша сиз билан суҳбатлашишга тайёрман. Бу лавҳа орқали менинг шахсиятим, иш услубим ҳақида хулоса қилманг, илтимос”, деган Қаҳрамон Ҳакимов.


Мақола муаллифи

Теглар

Қаҳрамон Ҳакимов

Баҳолаганлар

263

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг