“Авлодларнинг қалбида қоларсиз инонингиз”. Ўзбекистонда ҳокимбуваларга атаб қўшиқ куйлаш бошланди

Жамият 6765

Ўзбекистонда ҳокимларни мадҳ этиб қўшиқ куйлаш бошланди. Гап шундаки, ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов таваллуд кунига бағишлаб куйланган қўшиқ ва унга ишланган клип пайдо бўлди. QALAMPIR.UZ’га кўра клип ҳокимлик томонидан тарқатилган. 

Қўшиқда шундай сўзлар бор: 

Жуда қадим бу маскан, ота юртим шараф-шон,

Қадим ота юртимда юз очмоқда Нурафшон.

Бизни бошлаб зафарга, элни бошлаб ҳашарга,

Юртбошимиз ишонган, ҳоким келди шаҳарга.

Омон бўлсин жонингиз, улуғ бўлсин шонингиз,

Авлодларнинг қалбида қоларсиз инонингиз.

Сира тиним билмайди, эл дардини тинглайди,

Тадбиркор-у ишчини доим суяб қўллайди.

Элим бугун бунёдкор, иншоотлар нурвиқор,

Янги шаҳар қурувчи бир қаҳрамон ҳоким бор!

Юртим яна гулласин, офат-бало келмасин, 

Ватан учун ёнганни Аллоҳ ўзи қўлласин. 

Омон бўлсин жонингиз, улуғ бўлсин шонингиз,

Авлодларнинг қалбида қоларсиз инонингиз.

Қўшиқни ижро этган беш хонанданинг исм-шарифи QALAMPIR.UZ’га маълум эмас. Клипда эса ҳокимбуванинг давраларни тўлдириб маъруза қилаётгани, ўқувчи-ёшлар билан учрашаётгани, лойиҳалар устида бош қотираётганини кўриш мумкин. 

Маълумот ўрнида, Нурафшоннинг мадҳ этилган ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов 2019 йилнинг 15 август куни ушбу лавозимга тайинланган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 123
Рейтинг: 3
t
×