Инсониятга таҳдид: Ер сайёрасига 4 йирик муаммо хавф солмоқда (2-қисм ёхуд ечимлар)
Таҳлил
−
21 Февраль 2021
21639Аввалроқ, QALAMPIR.UZ’да “Инсониятга таҳдид: Ер сайёрасига 4 йирик муаммо хавф солмоқда” номли мақола эълон қилинганди. Унда сўнгги икки асрда дунё аҳолиси 1 миллиарддан 7 миллиард нафарга кўпайгани ва бу ўз навбатида, инсониятнинг келажагига хавф солиши мумкинлиги тўғрисида сўз борган. Ушбу мақоланинг иккинчи қисмида инсониятга хавф солаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида батафсил сўз боради.
Сўнгги асрларда қишлоқ ҳўжалиги, тиббиёт ва технологиянинг ривожланиши дунё аҳолисининг тез суратларда кўпайишига олиб келди. Лекин бу ўз навбатида, Ер сайёрасига оғирлик қилмоқда. Чунки инсон ўз эҳтиёжларини қондириш учун табиатнинг чекланган ресурсларини шиддат билан сарфламоқда. Оқибатда сув захиралари 19 йилдан сўнг бутунлай тугаши мумкин. Энергия манбаи ҳисобланган кўмир, нефть ва газ каби қазилма бойликларнинг яна 50 йилга етадиган захираси қолди. Табиий ресурслар тугаб бораётган бир пайтда кўпайиб бораётган дунё аҳолиси ўз эҳтиёжларини қандай қондиради? Ушбу масалага қандай ечим бор? Капиталлашган оламда рифожланган давлатлар аҳолисидан камроқ гўшт ейиш ёки автомобиль ҳайдамасликни, камроқ дунё бўйлаб саёҳат қилиб, самолётда парвоз қилмасликни сўрашдан фойда йўқ. Аҳолиси жуда тез ўсаётган давлатлардан эса туғилишни чеклашни сўраш ҳам инсонийликдан узоқда. Қандай йўл тутиш керак?
Демография
Юқорида таъкидланганидек, 1800 йилда 1 миллиард бўлган дунё аҳолиси 2021 йилга келиб 8 миллиардга яқинлашди. Аҳолисини боқиш, бирламчи эҳтиёж манбалари билан таъминлаш аллақачон, кўплаб давлатларнинг муаммосига айланиб улгурган. Тарих гувоҳки, демографик муаммога ечим топиш мақсадида туғилишни чеклашга уринишлар ҳам бўлган. Аҳоли сонини сунъий бошқариш жуда нозик масала. Бу худди инсон озодлигини чеклаш билан тенг ва у қарши реакция бериши ҳам мумкин.
Хусусан, сал кам 1,5 миллиард аҳолиси билан энг кўп одам яшайдиган давлатлар орасида биринчи ўринда турган Хитойда 1979–2015 йиллар оралиғида “Бир оилага бир фарзанд” номли демографик сиёсат юритилган. Хитой хукуматининг бундай қарорга келиши мамлакатнинг кўп сонли аҳолиси тугаб бораётган сув, энергия ва ер ресурсларига ортиқча юк бўлиши билан боғлиқ эди. Қайсидир маънода бундай ёндашув иш берди. Аввал бир оилага ўртача 6 нафар фарзанд тўғри келган бўлса, 2000 йилга келиб, бу кўрсаткич 1,6 нафарни ташкил этди. Натижада, 400 миллиондан ортиқ хитойлик туғилишининг “олди олинди”. Бу эса бутун бошли АҚШ аҳолисидан ҳам кўп.
Лекин, бу сиёсат 2015 йилда тўхтатилди. Чунки масаланинг бошқа томони ҳам бор эди. “Бир оилага бир фарзанд” дастури жиддий, ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарди. Гап шундаки, ушбу сиёсат амалда бўлган даврда хитойликлар кўпроқ ўғил фарзанд кўришни истади, қиз фарзандни эса “аборт” қилдиришга мойил бўлди. Бунга ўғилнинг оилада қолиши ва ота-онасини боқиши сабаб бўлган. Оқибатда эса эркак ва аёл сони ўртасида нотенглик келиб чиқди. Бу эса ўз навбатида 30 фоиз эркакларнинг ўзи истамаган ҳолда бўйдоқ бўлиб юришигача етиб борди. Ундан ташқари, туғулишнинг камлиги ҳисобига Хитой аҳолисининг тез суратларда қариётгани ҳақидаги хавотирлар “Бир оилага бир фарзанд” сиёсатини тўхтатишга сабаб бўлди.
Шунга ўхшаш тажриба Ҳиндистонда ҳам ўтказилган. Ўтган асрнинг 70 йилларида унчалик катта бўлмаган пул эвазига ҳинд эркакларига “стерилизация” операцияси таклиф этилган. Бу эса бошқа фарзанд кўра олмаслик, дегани эди. Ўша йилларда кунига 80 минглаб шундай операциялар ўтказилган. Пухта ўйланмаган режа фойда бермаган, чунки бундай операцияга аллақачон, бир неча фарзанди борлар рози бўлган ва пулни олиб кетаверган. Кейин эса “стерилизация” қонун ва жамоат тартибини бузганларга жазо тариқасида қўллана бошланган. Биргина 1976 йилда Ҳиндистонда 6,2 миллион эркак “стерилизация” қилинган. Бу жараённинг мажбурий ва агрессив олиб борилиши аҳоли норозилигига сабаб бўлган. Охир-оқибат 1977 йилга келиб Ҳукумат ҳокимиятдан айрилган.
Кўриниб турибдики, туғилишни тўғридан-тўғри назорат қилиб бўлмайди. Бу масаланинг инсоний ечими бор ва бу таълимдир. Жаҳон банки ва Ҳалқаро аёллар тадқиқот маркази Африканинг 15 дан ортиқ давлатларида олиб борган изланишлари натижасида, эрта турмушга чиқиш ва серфарзанд бўлиш билан қизларнинг таълими ўртасидаги боғлиқликни аниқлаган. Унга кўра, яхши таълим олган қизлар кейинроқ турмушга чиқади ва кичикроқ оилани афзал билади.
Бундан ташқари, ушбу мавзу доирасида бошқа ижобий прогнозлар ҳам мавжуд. Вашингтон университети тадқиқотларига кўра, 2055 йилда дунё аҳолисининг сони энг юқори чўққисига чиқади ва 10 миллиард атрофида бўлади. Шундан сўнг, ушбу кўрсаткич ортга қайтишни бошлайди ва 2100 йилга келиб Ер юзида 8 миллиарддан ортиқроқ одам яшаётган бўлади. Қизиғи шундаки, энг кўп аҳолига эга бўлган Хитойда 2020 йилдаёқ туғулиш 30 фоизга камайиб улгурди. Кўриниб турибдики, туғулиш даражаси аллақачон, тескари кўриниш олиб бўлган.
Денгиз сувини ичимлик сувига айлантириш
Ер сайёрасининг 75 фоизи океан сувларидан иборат. Лекин одам шўр сувни ича олмайди. Бироқ шўр сувни ичимлик сувига айлантириш мумкин. Ҳа, шундай технология мавжуд ва у аллақачон, бой давлатларнинг ҳалоскорига айланган. Хусасан, Саудия Арбистони ичимлик сувининг 50 фоизини ушбу технология асосида оляпти. Шунингдек, АҚШ, Хитой, Испания, Ўрта Шарқ ва Шимолий Африка давлатлари ҳам океан сувини ичимлик сувига айлантириш технологиясидан фойдаланмоқда.
Александр Зарчин исмли кимёгар ихтирочи ўтган асрдаёқ океан сувини ичимлик сувига айлантириш технологиясини назарий асослаб кетган. Биринчи бор ушбу технология 2006 йилда Австралияда қўлланилган.
Озиқ-овқат масаласи
Ўтган асрларда дунё аҳолиси 2-3 баробар камроқ бўлган даврларга қараганда инсоният ҳозир яхшироқ яшамоқда. Бугунги кунда очликдан эмас, балки ортиқча вазндан кўпроқ одам вафот этяпти. Аҳоли сони кўпайгани сари ҳар бир инсонга табиат неъматларидан камроқ тегиши керак эди. Лекин бунинг акси юз бермоқда.
Келажакда озиқ-овқат етишмаслиги ва очлик хавфи тўғрисидаги хавотирлар аввал ҳам инсониятни ўйлантирган. Бу ҳақда XVIII асрда бутун бошли “Мальтузианство” номли назария ҳам пайдо бўлган. Ўша даврда бир қанча европалик олимлар дунё аҳолисининг ўсиш чегараси 4 миллиард, деб башорат қилган, лекин кўриб турганимиздек бу кўрсаткични инсоният аллақачон, забт этиб улгурди. Кейинчалик 6 миллиардлик нишон ҳам шундай хавотирлар билан кутиб олинди. Бироқ бу қарашлар ноўрин бўлиб чиқди.
Нега бу хавотирлар ўзини оқламади? Гап шундаки, юқоридаги башоратлар келажакда қандай технологик кашфиётлар бўлиши мумкинлигини олдиндан билмаган, ҳисобга ололмаган. Жумладан, XVIII ва XIX асрларда юз берган саноат инқилоби қишлоқ ҳўжалигига ҳам таъсир этмай қолмади. Ўша даврдаги буғ машинаси, музлатгич каби ихтиролар ўз сўзини айтди. Кейинчалик озиқ-овқатни етиштириш, сақлаш, қадоқлаш ва етказишдаги кашфиётлар ҳамда ушбу жараёнларда қўл меҳнатидан воз кечилиши, унинг ўрнини машиналар эгаллаши нафақат озиқ-овқатнинг нархини туширди, балки камроқ ресурс талаб қиладиган бўлди.
Энг муҳими бугунги кунда ҳам озиқ-овқат саноатида кашфиётлар қилиниши давом этмоқда. Масалан, дала экин майдонларини назорат қилишда дронлардан фойдаланишни олайлик: уларнинг ёрдамида нафақат экинларнинг ўсишини кузатиш, сув тақсимотини бошқариш, балки тупроқ таркиби, ҳосилнинг ҳолатини ҳам таҳлил қилиш мумкин.
“3D print” эса дизайн, қурилиш каби соҳалардан ташқари озиқ-овқат саноатида ҳам оммани лол қолдирмоқда. Ушбу қурилма орқали яратилган озиқ-овқат ўзининг узоқ вақт яхши ҳолда сақланиши ва ҳар қайси табга мослаша олиши билан ажралиб турибди.
Эндиликда инсон дала маҳсулотларини фақат экин майдонларида эмас, балки шаҳарларнинг қоқ марказидаги биноларда ҳам етиштирмоқда ва бу вертикал деҳқончилик деб аталади. Бундай фермер ҳўжаликларида йилига 26 мартагача ҳосил олиш мумкин. Олинган муҳсулотни шаҳар дўконларига етказиш ҳам далалардан олиб келишга қараганда осонроқ кечади. Энг асосийси сув, ер ҳамда инсоннинг вақти ва меҳнати камроқ талаб этилади. Ақлли сенсонлар орқали сувнинг ҳар бир томчиси ҳисобга олинади. Тупроқ таркибида эса турли хил паразитлар бўлмайди. Натижада, камроқ ресурс сарфланиб кўпроқ, тезроқ ва сифатлироқ ҳосил олинади. Бундай технологиялар аллақачон, трендга кириб бўлган. Инсоният эса келажакдан бунданда яхшисига умид қилиши мумкин.
Яшил энергия
Яшил энергия – қайта тикланувчи ёки чексиз бўлган ресурслардан, аниқроғи қуёш нури, шамол, денгиз ва океандаги тўлқинлар ҳамда чақмоқдан олинадиган энергия. Яшил энергиянинг яна бир фойдали жиҳати шундаки, у экологик тоза ҳисобланади, яъни нефть, газ ёки кўмирга ўхшаб табиатга ва бутун инсониятга зарар етказмайди. Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда бутун дунё истеъмол қилган энергиянинг 28 фоизи айнан яшил энергия ҳисобига тўғри келади. Кўриниб турибдики, ушбу соҳада яна бир қанча қадам олдинга ташланса бас, инсон ўзини кўмир ва нефть ёқиб заҳарлашига эҳтиёж қолмайди.
Яшил энергия ўрнида муқобил вариант – АЭС. Атом электр станцияси нефть, газ ва кўмирга қараганда анча экологик тоза ҳисобланади. Дунё бўйлаб 50 дан ортиқ давлатларда 440 га яқин АЭС бор ва улар дунё электр энергия таъминотининг 10 фозини қоплаб беради.
АЭС экологик тоза ва арзон бўлгани билан жуда хавфли ҳамдир. Чернобиль Атом электростанцияси авариясининг оқибатлари Украинани ҳалигача тарк этмаган. Япония ҳам Фукусима АЭСдаги авария билан ана шундай “тажриба”га эга. Бироқ бу ҳолатлар АЭСдан умуман фойдаланмаслик керак, дегани эмас.
Эколог Майкл Шелленбергерга кўра, атом электростанцияси авариясига қараганда ядро энергетикасидан қўрқиш табиатга кўпроқ зарар келтирмоқда.
Хулоса ўрнида шуни қайд этиш керакки, инсонни насл қолдиришдан, бу дунё ноз-у неъматларини истеъмол қилишдан чеклаб бўлмайди. Кўп сонли дунё аҳолисининг ортиб бораётган эҳтиёжларини фақат ва фақат илм-фан тараққиётига эришиб, янгидан-янги технологияларни кашф этиб қондириш мумкин.
LiveБарчаси