Инфантино ЖЧ тижорий ҳуқуқларини сотиш режасидан воз кечди

Sport

image

FIFA президенти Жанни Инфантино Жаҳон чемпионатининг тижорат ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш режасидан воз кечганини маълум қилди. У, бу ҳақда ўзининг Instagram саҳифасида эълон қилди.

Аввалроқ, FIFA футбол амалдорларининг кескин танқидлари ва ташкилот ичидаги келишмовчиликлар сабабли мазкур ташаббус бекор қилинганини хабар қилган эди.

“Лойиҳа FIFA’га аъзо ассоциацияларини янада мустаҳкамлаш ва спортимизни бутун дунё бўйлаб, айниқса, қўллаб-қувватлашга энг кўп муҳтож бўлган мамлакатларда ривожлантириш учун пойдевор яратиши керак эди”, деб ёзди Инфантино.

Унинг таъкидлашича, лойиҳа фақат FIFA’га аъзо ассоциацияларининг аксарияти қўллаб-қувватлаган тақдирдагина ҳамда FIFA Кенгаши, конфедерациялар ва бошқа манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашувлардан сўнг амалга оширилиши керак эди.

“Барча фикрларни диққат билан тинглагандан сўнг, биз ушбу ташаббус шунчалик катта келишмовчиликларга сабаб бўлганини англадикки, энди у дастлабки мақсадига жавоб бермайди. Бизнинг мақсадимиз ҳар доим бирлаштириш ва футболни янада ривожлантириш бўлган ва шундай бўлиб қолади. Шунинг учун бу таклиф энди бошқа ишлаб чиқилмайди”, дейди FIFA раҳбари.

Шунингдек, Инфантино яқин ҳафталарда барча манфаатдор томонларни яна бир бор музокаралар столи атрофида тўплаб, бутун дунёда, айниқса, қўллаб-қувватлашга муҳтож мамлакатларда футболни ривожлантириш бўйича янги ечимлар ишлаб чиқиш ниятида эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Инфантинонинг мазкур ташаббуси аввалроқ Европа футбол иттифоқи (UEFA), Шимолий, Марказий Америка ва Кариб денгизи футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ), Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ҳамда Жанубий Америка футбол конфедерацияси (CONMEBOL) томонидан рад этилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends