Инфантино ЖЧ тижорат ҳуқуқларини сотишни режалаштирмоқда

Sport

image

FIFA президенти Жанни Инфантино Жаҳон чемпионати тижорат ҳуқуқларидаги улушнинг бир қисмини хусусий инвесторларга сотишни режалаштираётгани айтилмоқда. Бу ҳақда “The Times” нашри хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, мазкур ташаббус FIFA’нинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ҳамда Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати тижорат ҳуқуқларини бошқарувчи янги компания ташкил этилишини назарда тутади. Бу эса келажакда мусобақаларни янада кенгайтириш ёки уларни ҳозирги тўрт йиллик циклдан кўра, тез-тез ўтказиш эҳтимолини ошириши мумкин.

Манбаларнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа юзасидан АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятига яқин шахслар билан маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.

FIFA Жошуа Кушнерга тегишли Thrive Capital компанияси эҳтимолий инвесторлар гуруҳига бошчилик қилиши кутилмоқда. JP Morgan эса молиявий маслаҳатчи сифатида иштирок этмоқда. Жошуа Кушнер АҚШ Президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнернинг укаси ҳисобланади.

Маълум қилинишича, FIFA’нинг 211 та аъзо ассоциациясининг ҳар бири тахминан 20 миллион долларлик улушга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, Инфантино янги ташкил этиладиган компания комиссари сифатида фаолият юритиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанни Инфантино келажакда Жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 64 тагача ошириш имконияти ҳам кўриб чиқилиши мумкинлигини маълум қилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends