Инфантино FIFA’га аъзо давлатларга 40 млн доллардан “пора” таклиф қилди
Sport
−
29 July 7278 2 minutes
FIFA президенти Жанни Инфантино Жаҳон чемпионати тижорат ҳуқуқларининг бир қисмини ташқи инвесторларга сотиш режасини қўллаб-қувватлаган тақдирда, ташкилотга аъзо ҳар бир миллий ассоциацияга 40 миллион долларгача маблағ ажратилишини ваъда қилди. Бу ҳақда “The Times” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Инфантино мазкур таклифни FIFA’нинг барча 211 аъзо ассоциациясига юборган. Ассоциацияларга қарор қабул қилиш учун 53 кун муҳлат берилган.
“Ушбу таклифни қабул қилиш ёки қилмаслик тўлиқ сизларнинг қарорингиз. Агар уни маъқулласангиз, 10 миллиард долларлик пакет 2027 йил 1 январдан амалга оширилади. Бу эса умумий тараққиёт йўлимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Агар мавжуд тизимни сақлаб қолишни ва ушбу таклифни рад этишни маъқул кўрсангиз, биз аввал эълон қилинганидек, Forward дастурини 2,7 миллиард долларгача кенгайтиришга тайёрмиз. Умуман олганда, ҳар бир аъзо ассоциация 2027 йил 1 январдан бошланадиган навбатдаги цикл давомида ушбу таклиф доирасида 40 миллион долларгача маблағ олиши мумкин”, дейилади ассоциацияларга йўлланган мактубда.
Шу билан бирга, ташқи инвесторлар билан келишувга қарши бўлган манбалар Инфантинога нисбатан кескин муносабат билдирган. Улар FIFA президентининг молиялаштириш ҳажмини ошириш ҳақидаги таклифини “соф порахўрлик” деб баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ FIFA президенти Жанни Инфантино Жаҳон чемпионати тижорат ҳуқуқларидаги улушнинг бир қисмини хусусий инвесторларга сотишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Европа футбол иттифоқи (UEFA) мазкур ҳолат юзасидан йиғилиш ўтказишини ва агар Инфантино ушбу режасидан воз кечмаса, UEFA’га аъзо мамлакатлар Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш масаласини ҳам кўриб чиқишини ҳам маълум қилди.
Live
All