Индонезия пойтахти кўчирилмоқда

Олам

image

Индонезия пойтахти аста-секин чўкиб бораётган Жакартадан 1 200 км узоқликда жойлашган ўрмонга кўчирилади. Бугун, 18 январь куни мамлакат Парламенти пойтахтни Бурнеога кўчириш ҳақидаги қарорни тасдиқлаган. 

Қайд этилишича, бугун Вакиллар палатаси илк маротаба 2019 йил апрель ойида мамлакат Президенти Жоко Видодо томонидан илгари сурилган таклифни маъқуллаган. Президент аҳоли сонининг ортиб кетиши сабабли яшаш шароити ёмонлашган ва денгиз сатҳининг кўтарилиши оқибатида чўкиб бораётган Ява оролидаги пойтахт Жакартани кўчиришни таклиф қилган. 

Бунга қадар, экспертлар ноқулай географик жойлашуви ва сўнгги йилларда сони кескин ортган тўфон ва цунами каби табиий офатлар оқибатида, ҳозирда 30 миллион аҳоли яшайдиган Жакартанинг 2050 йилга бориб учдан бир қисми сув остида қолишини маълум қилишган.  

Билдирилишича, янги пойтахтнинг умумий майдони 56 180 гектарга тенг ҳудудни ўз ичига олади. Келгусида унинг атрофидаги яна 256 142 гектар ер ўзлаштирилиб, янги пойтахтга қўшиб олинишини айтилган.

Янги пойтахт барча зарурий қулайликларга эга бўлиб шаҳар архитектураси “Smart city” лойиҳаси асосида қурилади. 

2020 йилда бошланиши режалаштирилган қурилиш ишлари COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли ортга сурилган. 

Пойтахт кўчирилиши маълум қилинган Бурнео, ўрмонли ҳудуд бўлганлиги боис кўплаб палма ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналар учун плантация майдони ҳисобланади. Атроф-муҳит фаоллари ҳудуддаги ўрмонларнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлаётган плантацияларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилмоқда. 

Президент Видодо янги пойтахт фақат жамот транспорти, мотоцикл ва велосипедлар ҳаракатланадиган зарарли тутунларсиз шаҳар бўлишини билдирган. 

“Янги пойтахт нафақат давлат идораларига тўла шаҳар, балки бутун дунё бўйлаб иқтидор эгалари ва инновацияларни магнитдек ўзига тортувчи марказ бўлади”, деган Президент Жоко Видодо.

Ҳозирча умумий бюджети 33 миллиард АҚШ доллари атрофида деб ҳисобланаётган янги пойтахтнинг номи “Нусантара” дея номланиши маълум қилинган.

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Индонезия

Баҳолаганлар

406

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг